Қалбларни забт этган шоир
Бугун Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи таваллуд топган кун муносабати билан хотира тадбири уюштирилди. Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, адабиётшунос олимлар, шоир шеъриятининг ихлосмандлари иштирокида Рауф Парфи қабри зиёрат қилинди. Қурон тиловат қилинди. Шоир ёд этилди. Ижодидан намуналар ўқилди.
Ёзувчилар уюшмасида ўтказилган хотира тадбирини Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси раиси ўринбосари Шароф Убайдуллаев очиб берди. Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, таниқли ҳофиз Дадахон Ҳасан, адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдош ва бошқалар Рауф Парфи ҳаёт йўли, ижоди ҳақида гапирди.

– Айрим сабабларга кўра, Рауф Парфи таваллуди муносабати билан тадбирлар ўтказилмади, – дейди Шароф Убайдуллаев. – Аммо шоир шеъриятининг ихлосмандлари камайгани йўқ. Бу йил шоир таваллудининг 78 йиллиги. Шоирнинг умри таъқибда ўтди. Унинг бирорта айби йўқ эди. Шоир шеърияти халқни уйғоқликка чорлаган, миллатни улуғлаган, холос. Камтар эди, бировга бўйин эгмасди. Адолатсизликка чидай олмайдиган ҳақиқатталаб эди. Турк шеъриятининг буюк шоири Рауф Парфининг 50-60-70 йиллиги нишонланмади. Жамғарма ва Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда 80 йиллигини кўтаринки руҳда ўтказмоқчимиз. Халқаро анжуманлар, тўпламларини кўп тилларда чоп этишни режалаштирганмиз.
Адабий кечада Рауф Парфининг оила аъзолари ҳали матбуотда эълон қилинмаган хотиралари билан ўртоқлашди.
Тадбир иштирокчиларига «Нуроний» газетасининг Рауф Парфи ижодига бағишланган махсус сони тарқатилди.
Маълумот учун, Рауф Парфи 1943 йил 27 сентябрда Тошкент вилояти, Янгийўл туманидаги Шўралисой қишлоғида туғилган. Ота-онаси Парфи Муҳаммад Амин ва Сакина Исабек қизи мустабид тузум даврида она юрти Фарғонанинг Водил ҳудудидан қувғин қилинган эди.
Унинг «Карвон йўли» номли биринчи китоби 1968 йилда нашр этилди. Шундан сўнг «Акс садо», «Тасвир», «Хотирот» , «Кўзлар», «Қайтиш» , «Сабр дарахти», «Сукунат» , «Тавба» каби шеърий мажмуалари эълон қилинди. Вафотидан сўнг «Сакина», «Туркистон ёди» сингари сайланмалари босилиб чиқди.
Рауф Парфи шеъриятининг асосий мавзулари – бу шахс эрки, Ватан мустақиллиги ва Туркистон, Турк дунёсининг бирлигидир. Бу шеърият – ХХ аср шахс шуурини, кескин фожиалар драматизмини ифодалашга жазм этган жасоратли шеъриятдир.
Рауф Парфининг «Ватан ҳақида Бернд Иетшга мактубим», «Тангри соғинчи», «Сунбула», «Қора девор», «Абдурауф Фитрат», Вьетнам уруши ҳақидаги шеърларими, танка, хокку ‒ учликларими, уларнинг барчасида адолатсизликка, ҳақсизликка нисбатан нафрат, ғазаб туйғулари лиммо-лимдир.

Рауф Парфи К. Каладзенинг «Денгиз хаёли» , Байроннинг «Манфред» , А. Саламатнинг «Олтин болта», И. Нонешвилининг «Шиддат» , А. Дюманинг «Уч сарбоз» , Н. Ҳикматнинг «Инсон манзаралари» , А. Твардовскийнинг «Зайтун новдаси» , «Хотира ҳуқуқи» , «Уйғур шоирлари» , «Озод инсон қўшиғи», У. Сарояннинг «Ҳой, ким бор?» асарларини ҳамда Б. Брехт, П. Неруда, Г. Эмин, О. Ватсиетис каби қардош ва жаҳон адабиёти намояндалари ижодидан намуналарни таржима қилган.
Рауф Парфига «Сабр дарахти» тўплами учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ҳамид Олимжон номидаги йиллик мукофоти берилган. У 1992 йилда Халқаро Маҳмуд Қошғарий мукофоти билан тақдирланди. Туркияда ўтказиладиган туркий забон шоирлар танловида ғолиб бўлган.
Рауф Парфи шеъриятимиз ривожига қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон халқ шоири унвони билан тақдирланган. Адабиётшунос олим Улуғбек Ҳамдам Рауф Парфи клуби аъзолари номидан мамлакатимиз раҳбари номига ёзилган раҳматномани ўқиб эшиттирди.
Д.Маматова, ЎзА