Қалб битиклари — ҳаётнинг айтилмаган ҳақиқатлари
Ижод — инсон қалбининг сўздаги ифодаси. Китоб эса ана шу қалб битикларини авлоддан авлодга етказувчи маънавий кўприкдир.
Жорий йилнинг 14 август куни Хатирчи туман Ахборот-кутубхона марказида Хатирчилик ижодкор Мастура Абдураим билан «Қалб битиклари — ҳаётнинг айтилмаган ҳақиқатлари» мавзусида ижодий учрашув ҳамда адибанинг «Телба фалсафалар» ва «Истисно» китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.

Мазкур маънавий-маърифий тадбир Хатирчи туман Ахборот-кутубхона маркази, унинг Ахборот-библиография хизмати, туман Маънавият ва маърифат бўлими ҳамда Маданият маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирни туман ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Мадамин Нажмиддинов кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларни мутолаага кенг жалб этиш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий адабиётимизни тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар хусусида сўз юритди.

Ижодий учрашувда туман Маънавият ва маърифат бўлими раҳбари Маъруфжон Маҳмудов, олий тоифали педагог Саодат Исломова, Навоий вилояти «Дўстлик байроғи» ва «Знамя дружби» газеталари таҳририяти бош муҳаррири Бобоқанд Мирзо, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Худойберди Наврўз, Навоий шаҳар 3-сонли оилавий поликлиника бош врачи Нилуфар Эргашева сўзга чиқиб, Мастура Абдураимнинг ижодий фаолияти, унинг асарларида илгари сурилган ғоялар ва адабий жараёндаги ўзига хос услуби ҳақида самимий фикр-мулоҳазалар билдирдилар.

Тадбирнинг асосий қисми ижодкорнинг «Телба фалсафалар» «Фаришта қанотлари остида» ва «Истисно» китоблари тақдимотига бағишланди. Ушбу асарларда инсон қалбининг мураккаб кечинмалари, ҳаётнинг турфа синовлари, руҳий изланишлар, инсоний муносабатлар, ҳаёт ҳақиқати ва тақдирнинг турли бурилишлари ўзига хос бадиий талқинда акс этгани таъкидланди.
Ижодкор билан кечган самимий мулоқот давомида унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти, асарларининг яратилиш тарихи, китобларида илгари сурилган ғоявий-бадиий жиҳатлар хусусида фикр алмашилди.
Ижодий учрашувнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, унда адабиёт ва санъат уйғунлиги намоён бўлди. Тадбирнинг бадиий қисмида Маданият маркази ходимлари томонидан Ватан мадҳига бағишланган куй-қўшиқлар ижро этилди. Жажжи қизалоқларнинг нафис рақслари эса тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлаб, иштирокчиларга унутилмас таассурот улашди.
Тадбирни Хатирчи туман Маданият маркази директори Насрулло Арабов мазмунли ва қизиқарли тарзда олиб борди.
Самимий суҳбатлар, ижодий мулоқот, китоб тақдимоти ва мусиқий чиқишларга бой тарзда ўтган учрашув иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, маҳаллий ижодкорнинг китоблари кенг жамоатчиликка таништирилгани, унинг ижодий изланишлари ҳақида фикр алмашилгани ҳамда китобхонлар билан бевосита мулоқот ташкил этилгани тадбирнинг аҳамиятини янада оширди.
Бугунги кунда бундай ижодий учрашувлар нафақат адиб ва ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, балки ёш авлод қалбида китобга меҳр, адабиётга ҳурмат ва мутолаага қизиқишни шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро, китобхонлик — маънавий камолот, ижод эса инсон тафаккурини бойитувчи бебаҳо кучдир.
Мастура Абдураим билан ўтказилган мазкур ижодий учрашув ҳам Хатирчида адабий муҳитни янада ривожлантириш, маҳаллий ижодкорларнинг асарларини кенг тарғиб этиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш ва ёшларни бадиий адабиётга жалб этиш йўлидаги муҳим тадбирлардан бири бўлди.
Шодия Рузиева,
Хатирчи тумани Ахборот-кутубхона маркази Ахборот-библиография хизмати раҳбари.