Қаҳрамонлари улуғланган юртнинг келажаги бор
Эҳтиром
Бухоро вилоятининг “Туркон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Арабхона қишлоғида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Файзулла Ҳоджиевнинг хонадони байрам арафасида вилоят ва туман ҳокимликлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, ҳарбий хизматчилар, мактаб ўқувчилари, қўни-қўшнилар билан гавжум бўлди.
Турмуш ўртоғи Муҳаббат Раҳматова билан беш ўғил, беш қизни вояга етказган Файзулла ота айни дамда 101 ёшда. Қирқдан зиёд невараю эвара ардоғида юрган отахоннинг кўнгли бу дийдорлашувдан тоғдек кўтарилди.

Учрашувда вилоят ҳокими Ботир Зарипов Президентимизнинг Файзулла отага йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини моддий рағбатлантириш мақсадида ажратилган пул мукофотини, ҳокимлик ва бошқа ташкилотларнинг туҳфаларини тантанали тарзда топширди. Шунингдек, “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” юбилей медали ҳам тақдим этилди.
Бундай жасур инсонлар ҳаёти ва хизматлари келажак авлод учун ибратдир. Халқимиз урушда ҳалок бўлганлар хотирасини унутмагани каби бугунги кунда ҳаёт бўлганларни қадрлаш, уларга ғамхўрлик қилиш барчамизнинг бурчимиздир.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.