Қаҳрамонлар хотирасига бағишланган китоб тақдимоти
9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармасида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида хизмат бурчини адо этиш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотирасига бағишланган “Бизнинг қаҳрамонлар” номли китоб-албом тақдимоти ўтказилди.
Асарда Миллий гвардия тизимида хизмат қилган, Ватан ҳимояси йўлида жонини фидо этган мард ўғлонларнинг ҳаёт йўли, жасорати ва садоқати ҳужжатли материаллар асосида ёритилган.
Сўзга чиққанлар қаҳрамонлар хотираси халқ қалбида абадий яшашини, уларнинг жасорати эса ёш авлод учун ватанпарварлик ва садоқат мактаби эканини таъкидладилар. Шу билан бирга, тинчликни асраш ҳар бир авлоднинг муқаддас бурчи экани қайд этилди.
– Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилаётган бундай тадбирлар Ватан ҳимояси йўлида жонини фидо этган қаҳрамонлар хотирасини улуғлаш билан бирга, ёш авлодда ватанпарварлик, садоқат ва масъулият туйғуларини мустаҳкамлайди. “Бизнинг қаҳрамонлар” каби китоб-албомлар эса фақат хотира эмас, балки ҳарбий хизматчилар ва ёшлар учун ибрат мактабидир. Унда мужассам бўлган жасорат ва фидойилик намуналари барчамиз учун ҳаёт сабоғи бўлиб хизмат қилади. Энг муҳими, қаҳрамонлар номи ва хотираси халқ қалбида абадий яшаши керак, — деди Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи, полковник Низомиддин Абдувалиев.
“Бизнинг қаҳрамонлар” хотира китобининг бир нусхаси Сардоба сув омборидаги техноген офат оқибатларини бартараф этиш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси, жанговар отряд муҳандис-сапёр гуруҳи мутахассиси, III даражали сержант Ҳусниддин Суяровнинг оиласига тантанали равишда топширилди.
Тадбирда марҳумнинг отаси Зокир Суяров сўзга чиқиб, фарзанди хотирасини улуғлаш ва унинг хизматларига берилаётган юксак эътибор учун миннатдорлик билдирди.
– Ўғлимнинг хотираси унутилмаётгани, унинг жасорати эътироф этилаётгани биз учун катта таскин ва ифтихордир. Бундай эътиборни оиламиз номидан самимий қабул қиламиз, – деди Зокир Суяров.
Ҳусниддин Суяров 1989 йил 6 июлда Сирдарё вилояти Боёвут туманида туғилган. У 2007 йилда Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафида хизматни бошлаб, кейинчалик Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармасида муҳандис-сапёр сифатида фаолият юритган.
2020 йил 1 май куни Сардоба сув омборида юз берган техноген фалокат вақтида у қутқарув ишларида фаол иштирок этиб, хизмат бурчини адо этиш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган.
[gallery-29250]
У вафотидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан “Жасорат” медали, шунингдек. Миллий гвардия қўмондони буйруғига асосан I даражали “Намунали хизматлари учун” кўкрак нишони билан мукофотланган.
Шунингдек, унинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Боёвут туманидаги 4-сонли умумтаълим мактаби ҳудудида барельеф ўрнатилган.
Тадбир иштирокчилари “Бизнинг қаҳрамонлар” хотира китоби ёш авлодни ватанпарварлик, бурч ва садоқат руҳида тарбиялашда муҳим маънавий аҳамият касб этишини, шунингдек, қаҳрамонлар жасоратини унутмаслик ва уларнинг номини абадийлаштиришда ибрат ва тарбиявий манба бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА