Қаҳрамон Аллаев: Энергетиканинг қудрати — меҳнат ва билимда (+видео)
Академик билан суҳбат
Энергетика соҳасида чуқур билимга эга бўлган мутахассисларни етиштириш бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда. Умрининг қарийб 60 йилини энергетика соҳаси ривожига бағишлаб келаётган, юзлаб шогирдлар етиштирган академик, Тошкент давлат техника университети профессори Қаҳрамон Аллаев билан илм-фан ва энергетика соҳасининг ривожи хусусида суҳбатлашдик.
—Умрингизнинг қарийб 60 йилини энергетика соҳаси ривожига бағишлаб келяпсиз. Айтингчи, шу вақт давомида олиб борган ишларингиз ичида энг муҳим, энергетика соҳасига катта таъсир кўрсатган илмий ютуқларингиз қайсилар?
— 1969 йилда Москва энергетика институтини тамомлаб, шу йўналишда фаолият бошлаганман. Асосий илмий ютуғим генераторларни бошқариш тизими билан боғлиқ. Аниқроғи, генераторларни қўзғатиш бошқарув тизимини такомиллаштириш устида ишлаганман. Агар шу тизим мукаммал ишласа, электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг ишончлилиги ошади ва бутун энергетика тизимининг барқарор ишлаши таъминланади. Умрим давомида олиб борган илмий изланишларим асосан шу йўналишга бағишланган.
— Бугунги кунда турли соҳаларда малакали мутахассислар етишмаётгани кўринмоқда. Айниқса, муҳандислик касби вакиллари етишмаяпти. Ҳолбуки, муҳандислар бугунги ҳаётимиз учун жуда муҳим. Шу боис муҳандисларни етиштириш масаласида қандай ишлар олиб борилмоқда?
—2024 йилнинг 20 июнь куни Президентимиз раислигида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Унда давлатимиз раҳбари бизга билимли ва сифатли муҳандислар керак, деб алоҳида таъкидлади. Бу жуда тўғри талаб. Бу вазифани амалга ошириш биз — педагогларнинг зиммасига тушади. Бунинг учун ёшларнинг аниқ фанлардан, хусусан математика ва физика фанларидан билимлари юқори бўлиши керак.
Мен доимо шогирдларимга айтаман: билим олиш осон эмас, бу оғир ва масъулиятли жараён. Чунки муҳандиснинг фикри кейинчалик металл, мотор, биз ишлатаётган асбоб-ускуналарга айланади. Агар у хато қилса, биринчидан ортиқча энергия сарфланади, иккинчидан маҳсулот сифатсиз бўлади, учинчидан эса узоқ хизмат қилмайди.
— Электр энергиясини ишлаб чиқаришда мамлакатимизда асосан табиий газдан фойдаланилади. Албатта, табиий газнинг ҳам ўз захираси бор. Ҳозирча етарли, аммо вақт ўтиши билан бу захиралар камайиб бориши мумкин. Бу жараёнда қандай йўл тутилади?
—Бунинг иккита асосий йўли бор. Биринчиси — қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш. Булар, асосан, шамол ва қуёш энергиясидир. Иккинчиси эса — атом энергияси асосида электр энергияси ишлаб чиқариш.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ишлари жуда жадал амалга оширилмоқда. Масалан, бугунги кунда 15 та қуёш электр станцияси ва 7 та шамол электр станцияси фаолият юритмоқда. Уларнинг умумий ишлаб чиқараётган электр энергияси ҳажми 15 миллиард киловатт-соатга етмоқда. Бу, албатта, жуда катта ютуқ.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, бундай станциялар орқали ҳар йили катта қувватдаги энергия ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлмоқда. Бу эса катта газ электр станцияси қурилгани билан тенг натижа беради. Демак, қуёш ва шамол станцияларини кўпайтириш орқали газ сарфини камайтириш мумкин. Чунки газни бошқа соҳаларда ҳам ишлатиш мумкин.
Яна бир муҳим масала — атом энергетикаси. Мамлакатимизда уран қазиб олинади. Уран — ядро энергиясининг асосий хом ашёси ҳисобланади. У асосан Навоий вилоятида қазиб олинади. Ҳозирги кунда мамлакатимизда йилига тахминан 4 минг тонна уран ишлаб чиқарилади.
Президентимиз бу ҳажмни 7–10 минг тоннагача ошириш зарурлигини таъкидлади. Чунки бу ресурс нафақат атом электр станцияларида фойдаланиш, балки уни экспорт қилиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда Ўзбекистондан Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Ҳиндистон ва Япония каби давлатлар уран харид қилмоқда.
Шундай бойликка эга бўла туриб, уни ўзимизда фойдаланмаслик тўғри эмас. Шунинг учун Президентимиз қарорларига мувофиқ, яқин вақтларда икки турдаги атом электр станциялари қурилиши бошланади. Биринчи босқичда кичик қувватли атом станциялари қурилади — ҳар бири 55 мегаватт қувватга эга бўлган жами 110 мегаватт. Кейинчалик яна йирик қувватли, ҳар бири минг мегаваттли станциялар қуриш режалаштирилган.
Иншоотлар тўлиқ ишга тушгач, мамлакатимизда жуда катта қувватга эга атом электр станциялари фаолият юритади. Бу, биринчидан, мамлакатни ишончли электр энергияси билан таъминлайди, иккинчидан эса табиий газ сарфини сезиларли даражада камайтиради.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/hmm9Kw-xB4o?si=OFwGbqkW7KB5UCKA" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова,
Дониёр Ёқубов (видео), Анвархўжа Аҳмедов (монтаж), ЎзА