Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз! (+видео)
Мана шу бош ғоя асосида Қашқадарё вилоятида ҳам Наврўз байрами кўтаринки руҳда нишонланди.
Қарши шаҳри марказидаги амфитеатр ва Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи байрамона кўриниш олди. Боғдаги миллий таомлар кўргазмаси, бахшиларнинг достонлар айтишувлари, ҳунармандчилик кўргазмалари байрамга ташриф буюрувчи меҳмонларга хуш кайфият улашди.
– Байрам тадбирига марказимиз аъзолари билан бирга ташриф буюрдик, – дейди Қарши шаҳридаги тожик миллий маданий маркази аъзоси Суғдиёна Абдурасулова. – Байрам аъло ва таассуротларга бой тарзда ўтмоқда. Ташриф буюрган барча меҳмонлар хурсанд. Турли миллат вакиллари ҳам ташриф буюрди, шу қаторда биз ҳам ўзимизнинг миллий кийимларимиз, қўшиқларимиз ва мазали таомларимиз билан иштирок этиб, меҳмонларга тақдим этдик. Ўйлаймизки, уларга жуда манзур бўлди. Наврўзи олам барчага муборак бўлсин.
Ўзига хос миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиши ҳам кўзларни қувонтирди. Кўнгилларда ҳавас, ҳайрат, ғурур, ифтихор уйғотди. Айниқса, минг бир мазмунни ифода этадиган урф-одатларимиз ҳар қандай кишини ўзига жалб қилади. Сайилда ўзбек келинларининг безаги бўлган келин саломнинг намойиши байрам иштирокчиларига гўзал таассуротларни ҳадя этди. Бир сўз билан айтганда истироҳат боғида ташкил этилган халқ сайли одамларнинг кўнгил чигилларини ёзиш учун катта имконият бўлди.
[gallery-22365]
– Бу йилги баҳор фасли ва Наврўз байрами мен учун қувончли воқеаларга бой бўлди. Боиси 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан Президентимизнинг шахсан ўзлари “Шуҳрат” медалини кўксимга тақиб қўйди, – дейди ғузорлик ҳунарманд Маҳлиё Йўлдошева. – Бугунги байрам сайлига ҳам ўзимиз тўқиган ҳунармандчилик маҳсулотлари билан иштирок этяпмиз. Келажакда устоз-шогирд анъанасини давом эттирган ҳолда кўплаб ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлашни мақсад қилганман. Байрам ҳамманинг хонадонига қут-барака келтирсин.
Истироҳат боғидан амфитеатрга кўчган байрам дастури давомида вилоят раҳбари Муротжон Азимов ҳам иштирок этиб, воҳа аҳлини байрам билан қутлади ва вилоят ҳаётида эришилган натижалар ҳамда келгуси режаларга тўхталиб ўтди.
– Вилоятимиз бўйича 612 мингта хонадонда 66 минг гектар томорқа ерлари бор. Бундан ташқари, 25 минг гектар майдон деҳқон хўжаликларига ажратилган. Бу – ҳали тўла ишга солинмаган улкан имконият, катта бойликдир, – деди вилоят ҳокими М.Азимов. – Барчамизга аёнки, Ўзбекистон шароитида ана шундай имкониятлардан фойдаланиб, астойдил меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Юртимизда жорий йилнинг 11 мартидан томорқадан самарали фойдаланиш бўйича “Долзарб бир ойлик” сафарбарлиги эълон қилинди. Фурсатдан фойдаланиб, азиз воҳадошларимизга мурожаат қилмоқчиман! Томорқанинг ҳар бир қарич еридан унумли фойдаланайлик. Экин экиб, бозорларимиз тўкинлигига ҳисса қўшайлик. Хонадонимиз, кўчамиз, маҳалламизда дарахт, гул кўчатлари экиб, Қашқадарёда сўлим боғлар, хиёбонлар, яшил ҳудудлар ташкил қилайлик. Ўйлайманки, фидойи халқимиз, деҳқон, боғбонларимиз, азамат ёшларимиз билан биргаликда бу вазифани амалга оширишга қодирмиз.
Таъкидландики, жорий йилда вилоятда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар, ёшлар бандлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Вилоят аҳолиси учун 8 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қурилади. Ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 65 фоизга етказилади.
Жорий йил давомида ёшлар таълими, тарбияси асосий масалалардан бири бўлиб қолади. 3-6 ёшли болаларни боғчага қамраб олиш 75 фоизга етказилади. Президентимиз томонидан ажратилган маблағ ҳисобидан вилоятда 400 та нодавлат боғча янгидан ташкил этилади.
Келаётган ўқув йилидан Қарши, Шаҳрисабз шаҳарларидаги тўлиқ, бошқа туманлардаги 4 тадан мактаблар Президент мактаби баҳолаш тизимига ўтказилади. Техникумларда ўқиётган ёшларнинг 50 фоизи дуал таълимга қамраб олинади.
Ўтган йили вилоят даражасидаги даволаш муассасаларининг тиббий суғурта тизимига ўтказилгани ижобий самара берди. 2025 йилда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари ҳам тўлиқ суғурта тизимига ўтади.
– Муҳтарам Президентимизнинг вилоятимиз аҳлига бўлган алоҳида эътибори эвазига, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Қарши тумани тиббиёт бирлашмаси қайтадан қурилиб, энг илғор ускуналар билан жиҳозланади. Деҳқонобод тиббиёт бирлашмаси мукаммал таъмирланади, – деди вилоят раҳбари.
Хулоса ўрнида байрамда ўзлигимиз ифодаси бўлган эзгу анъаналар ва урф одатлар, уларнинг қадр қиммати фольклор жамоаларининг чиқишларида намоён бўлди. Наврўз йил боши, тўкинчилик, барака айёми номига муносиб халқ ўйинлари, қадим наволарнинг жаранги билан дилларни завқ шавққа тўлдирди. Таниқли санъаткорларнинг чиқишлари байрамга янада кўтаринкилик бағишлади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/EkEyIddbBI4" title="Qadriyatlaring boqiy bo‘lsin, Navro‘z!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари