Қадриятларимиз – бебаҳо бойлигимиз
Юртимизда аёлларга эътибор юксалмоқда, имкониятлар берилиб, қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.
Берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланаётган хотин-қизлар рўзғори бутлигини таъминлаш билан бирга, янги-янги лойиҳаларга ҳам қўл уриб, ўз ўрнини топаётир.

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида ҳам ташаббускор хотин-қизлар бугунги кунда кундалик уй-рўзғор ташвишларидан ортиб, тадбиркорлик борасида ҳам ўзини синаб кўрмоқда.

Ана шундай ишбилармон, тадбиркор, меҳнаткаш, кўпни кўрган нуроний онахонлар иштирокида Янгиер шаҳар Оила ва хотин қизлар бўлими ташаббуси билан азалий қадриятларимиз ва миллий урф-одатларимизни ўзида мужассам этган “Қадриятларимиз – бебаҳо бойлигимиз” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

"Бобур" маҳалласида ўтган тадбирда шаҳар ҳокимлиги масъуллари, маҳалладаги пиру-бадавлат нуроний онахонлар ҳамда замонавий дизайнерлик, тикувчилик, каштачилик, тадбиркорлик истагида бўлган фаол хотин-қизлар иштирок этди.

Унда оила ва хотин-қизлар масалаларидаги янги ислоҳотлар ва фаолиятдаги янгича ёндашувлар, қабул қилинган фармон ва қарорлар оила аталмиш қўрғоннинг мустаҳкамлиги учун ташланган муҳим қадам экани таъкидланди. Келгусида қилиниши керак бўлган ишлар режалаштирилди. Ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлганларга ёрдам бериладиган бўлди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА