“Қадринг баланд бўлсин, она тилим”
Андижон шаҳрида ана шу мавзуда адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йиллиги муносабати билан Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ҳамда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида шоир номи билан аталувчи майдонда ташкил этилган тадбирда ижод мактаби ўқувчи ва ўқитувчилари, шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, ички ишлар, халқ таълими бошқармалари мутасаддилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Хуршида Ваҳобжон қизи, шоир, “Дўстлик” ордени соҳиби Фарид Усмон ҳамда бошқалар тилимизнинг давлат тили сифатидаги ўрни ва аҳамияти, ўзига хос бой ва гўзал жилоси, шунингдек, унинг ривожи ва умрбоқийлигини таъминлаш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар хусусида гапирди.
[gallery-4297]
– Ёш авлодни ватанпарварлик, она тилимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш зиёлилар, ижодкорлар олдида турган энг муҳим вазифалардан бири, – дейди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи. – Тил байрами муносабати билан ўтказилган ушбу тадбир шубҳасиз, ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Тадбирда ижод мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий дастур намойиши ҳамда шеърий айтишувлар барчага хуш кайфият улашди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА