Қадимий қадамжо янги қиёфа касб этди
Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги «Қори Соқий ота» зиёратгоҳи қайта таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этди. Мазкур масканда амалга оширилган ободонлаштириш ишлари натижасида зиёратчилар ва меҳмонлар учун қулай шароитлар яратилди.
Ёзёвон туманида халқимизнинг бой маънавий мероси, тарихий хотираси ва миллий қадриятлари билан боғлиқ 18 та зиёратгоҳ мавжуд. Кейинги йилларда ушбу қадамжоларни ободонлаштириш, уларнинг тарихий ва маънавий аҳамиятини сақлаш, зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 8 октябрдаги «Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Ёзёвон туманида ҳам қатор бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, «Юқори» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида «Янги Ўзбекистон қиёфаси»ни шакллантиришга қаратилган ишлар доирасида «Қори Соқий ота» зиёратгоҳини ободонлаштириш учун 3,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Мазкур маблағ ҳисобидан таъмирталаб ҳолга келиб қолган зиёратгоҳ қайта таъмирланиб, ҳудуди ободонлаштирилди. Бу ерда Ўлкашунослик музейи, 200 ўринли тантаналар мажмуаси, замонавий хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари ташкил этилди.
Яқинда янгиланган зиёратгоҳнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда нуронийлар, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда миллий қадриятларимиз ва тарихий қадамжоларни асраб-авайлаш, уларни келгуси авлодларга етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳамияти таъкидланди.
[gallery-32054]
Эндиликда ушбу масканни нафақат зиёратчилар, балки маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар учун ҳам қулай дам олиш ҳудудига айлантириш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, зиёратгоҳни ҳудудий зиёрат туризми йўналишларига киритиш режалаштирилган.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА