Қадимий карвон йўлидаги замонавий манзил
Навоий вилояти ҳокимлиги, Туризм бошқармаси ва “Zarafshan Golden Group” компанияси ҳамкорлигида ОАВ вакиллари ва таниқли блогерлар учун Кармана туманида жойлашган “Malik karvon family park” мажмуаси ҳамда Работи Малик карвонсаройини қамраб олган инфотур ташкил этилди.
Дастлаб иштирокчилар қадимий Работи Малик мажмуасида бўлишди. Бу ерда уларга тарихчи олим Жасур Савриев обиданинг тарихи, олиб борилган қазишма ишлари ва бугунги ҳолати ҳақида маълумот берди.
Работи Малик (Шоҳ Работи) карвонсаройи Кармана - Бухоро йўлида жойлашган тарихий обидалардан бири. У XI асрнинг 70-йилларида Қорахонийлардан бўлмиш Шамсулмулк Наср ибн Иброҳим томонидан қурилган. XII асрнинг биринчи чорагида Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон томонидан таъмирланган. Археологик тадқиқотлар пайтида бу ноёб бинонинг мураккаб тузилиши аниқланди. У 100×100 метр, яъни қарийб 1 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, мустаҳкам деворлар билан ўралган ва икки қисмга бўлинган.
Работи Малик пештоқидан бир оз нарида сув манбаи – диаметри 13 метрча келадиган гумбаз остида карвонсаройга замондош бўлган Сардоба жойлашган. Сардоба ҳовузининг айлана девори ердан 12 метр чуқурликка қадар пишиқ ғиштдан қурилган. Сардоба карвонсарой каби ёлғиз йўловчилар учун ҳам, бутун бошли карвонлар учун ҳам қўналға ҳисобланган.
Инфотур иштирокчилари “Zarafshan Golden Group” компанияси томонидан “Кармана туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида бута меваси (голубика) етиштириш” лойиҳаси билан танишди. Лойиҳанинг умумий қиймати 800 минг АҚШ долларини ташкил этиб, корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳани амалга ошириш мақсадида Туркия давлатидан 15 минг дона голубика кўчатлари олиб келинди ва яқинда биринчи ҳосил йиғиштириб олинди. Энг муҳими, янги иш ўринларига корхона жойлашган “Сардоба” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи банд бўлмаган аҳоли вакиллари ишга қабул қилинган.
Бугун тарихий анъаналар замонавий туризм, сервис ва тадбиркорлик билан уйғунлашмоқда. Қадимий Работи Малик карвонсаройи ва Сардоба яқинида барпо этилаётган “Malik karvon family park” мажмуаси ҳам ана шу ғоянинг замонавий ифодасидир.
– Лойиҳа оддий дам олиш маскани эмас, балки агротуризм, экотуризм, гастрономия, оилавий ҳордиқ ва замонавий сервисни бир нуқтада жамлайдиган йирик мажмуа сифатида шаклланмоқда, - дейди мажмуа директори Шоҳрух Ғаниев. – Лойиҳанинг ўзига хос жиҳатларидан бири унинг агротуризм билан уйғунлашганидир. Катта ҳудудда замонавий Голландия технологиялари асосида гидропоника усулида ишлайдиган иссиқхоналар барпо этилган. Бу ерда етиштирилаётган маҳсулотларнинг бир қисми экспортга йўналтирилмоқда. Лойиҳа доирасида экологик тоза дам олиш ҳудудлари, замонавий автоматлаштирилган болалар ўйингоҳлари, маданий ва кўнгилочар масканлар, оилавий ҳордиқ чиқариш инфратузилмаси ҳамда туристик хизматлар тизими яратилмоқда. Айниқса, мазкур мажмуа таркибида барпо этилаётган замонавий “Эко боғ” лойиҳаси ўзининг ноёб концепцияси билан ажралиб туради. Ушбу масканда банан, ананас, апельсин ва мандарин каби тропик ўсимликлар етиштирилиши режалаштирилган. Шунингдек, замонавий брендларнинг тезкор овқатланиш масканлари, кинотеатр, болалар майдончалари ва турли кўнгилочар ҳудудлар ташкил этилади.
[gallery-31580]
“Malik Karvon”нинг энг муҳим хусусиятларидан бири унинг географик жойлашувидир. Мажмуа Самарқанд ва Бухоро ўртасидаги йўналишда, Буюк Ипак йўлининг тарихий нуқталарига яқин ҳудудда жойлашган. Бу эса уни ички ва хорижий сайёҳлар учун қулай тўхташ манзилига айлантириш имконини беради.
Инфо тур доирасида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари