Қадимги Бақтрия ниқоблари Япония саройига қандай етиб борган?
Сурхондарё воҳасидаги қадимги Холчаён ёдгорлигидан топилган ноёб сопол ниқоблар милод бошларида ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида саҳна ва томоша санъати ривожланганини исботловчи моддий далилдир.
Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида таниқли археолог Галина Пугаченкова бошчилигидаги экспедиция томонидан Сурхондарё вилояти ҳудудидаги Холчаён тепалигида кенг қамровли қазишма ишлари олиб борилди. Экин майдонлари сатҳидан салкам тўрт метр чуқурликда ётган маданий қатламлар остидан маҳобатли сарой ва унга туташ иншоотлар қолдиқлари очилди. Бу мажмуадан топилган ашёлар орасида антик давр саҳна санъатига мансуб сопол ниқоблар жаҳон илмий жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди. Ушбу топилмалар Сурхондарё воҳасида нафақат давлатчилик тизими ва мудофаа истеҳкомлари, балки юксак ижрочилик ҳамда мусиқа маданияти ҳам чуқур илдиз отганини кўрсатади.
Холчаён ниқобларининг яратилиш услуби ва улардаги кескин ифодалилик шарқшунос олимларнинг диққатини дарҳол ўзига тортди. Академик Николай Конрад қадимги Шарқ томоша санъати тарихига бағишланган изланишларида ушбу ноёб ёдгорликларни синчковлик билан таҳлил қилди. Олим Холчаёндан топилган ҳажвий ва фожиавий ниқоблар Бақтрия заминида камол топган театр анъаналарининг бевосита маҳсули эканини, кейинчалик бу саҳнавий маданият Буюк Ипак йўли карвонлари орқали шарқ мамлакатларига тарқалганини асослаб берди. Н.Конраднинг қайд этишича, ушбу ниқобларда муҳрланган бадиий шакллар ва имо-ишора усуллари вақт ўтиши билан қадимги Хитой ҳамда Япония сарой томошалари таркибига қадар кириб борган.
Қадимги ёзма солномалар ҳам ушбу моддий ашёларнинг ҳаққонийлигини тасдиқлайди. Милодий учинчи ва тўртинчи асрларда Турондан борган истеъдодли санъаткорлар, созандалар, раққослар ва қизиқчилар қўшни мамлакатлар ҳукмдорлари саройларида юксак эҳтиром билан қабул қилинган. Хорижлик тадқиқотчилар, жумладан япониялик шарқшунослар Сэки Сэнтаро ва Каватокэ Сигэтосининг илмий кузатишларига кўра, эрамизнинг еттинчи ва саккизинчи асрларида кунчиқар юртда шаклланган “Гигаку” анъанавий ниқобли саҳна санъати бевосита қадимги Бақтрия ва Суғд томоша мактабларига бориб тақалади. Сақланиб қолган энг қадимги япон ниқобларида Бақтрия аҳолисига хос қиёфа, кенг манглай, баланд бурун ва соқол-мўйлов шаклларининг айнан такрорланиши икки минтақа ўртасидаги маданий алоқалар ниҳоятда мустаҳкам бўлганини яққол намоён этади.
Холчаён саройи деворларини безаб турган маҳобатли ҳайкаллар мажмуаси ҳам театр ниқоблари билан яхлит бадиий тизимни ташкил этади. Бу сиймолар шунчаки музлаб қолган тасвирлар эмас, балки муайян саҳнавий ҳаракат ва воқеа иштирокчилари тарзида гавдалантирилган. Тадқиқотчи Галина Пугаченкова Холчаён меъморчилиги ва ҳайкалларини ўрганар экан, бу ердаги бўртма безакларда маҳаллий аҳолининг ҳаётий ҳис-туйғулари, тантана руҳи ва сарой маросимлари юксак маҳорат билан тасвирланганини алоҳида қайд этади. Лой ва ганч қоришмасидан яратилган юзлардаги киноявий табассум, ҳайрат ёки қатъият ифодаси қадимги ҳайкалтарош ва ниқобсоз усталарнинг инсон руҳиятини нақадар нозик англаганидан гувоҳлик беради.
Мусиқа маданияти ҳам ушбу саҳнавий ҳаётнинг узвий бўлаги бўлган. Холчаён ва унга ёндош Айритом ёдгорлигидан топилган машҳур тош бўртма тасвирлар қадимги чолғу асбобларининг бой хилма-хиллигини намоён қилади. Удсимон торли чолғулар, ноғора, най ва чанг каби созларни чалиб турган санъаткорлар тасвири ўша даврда кўп овозли яхлит созандалар дасталари фаолият юритганини кўрсатади. Хорижлик шарқшунос Роман Гиршман ўз изланишларида таъкидлаганидек, Бақтрия маданияти Шарқ ва антик оламнинг нафис услубларини ўзида мужассам этиб, қўшни ўлкалар учун узоқ йиллар давомида илҳом манбаи ва бадиий намуна бўлиб хизмат қилган.
Шаҳар аҳолисининг маданий эҳтиёжлари фақат ҳукмдорлар қароргоҳи билангина чекланмаган. Қазишмалар давомида оддий турар жой маҳаллаларидан кичик ҳажмдаги сопол ҳайкалчалар, мусиқачилар тимсоли ва ўйинчоқ ниқобларнинг кўплаб топилиши халқ томошалари кенг оммавий тус олганидан дарак беради. Майдонларда ўтказилган байрам сайиллари, полвонлар кураши, дорбозлик чиқишлари ва масхарабозлар томошаси кундалик турмушнинг мунтазам таркибий қисми бўлган.
Холчаёндан топилган ушбу ноёб ниқоблар ва тасвирий ёдгорликлар қадимги Ўзбекистон ҳудуди нафақат қудратли давлатчилик ва савдо чорраҳаси, балки бутун қитъа бўйлаб театр, мусиқа ҳамда тасвирий санъат анъаналарини тарқатган йирик маданий бешик бўлганини кўрсатади.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА