Қабристон ободлиги – юрт ободлигидан дарак
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Олмазор туманидаги Тешик қопқоқ қабристонига пресс-тур уюштирилди.
Тошкент шаҳрида 80 га яқин қабристон бўлиб, уларни таъмирлаш ва обод қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори билан Тешик қопқоқ қабристонида бугунги кунда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

– Қабристонни обод сақлаш зарурлиги муқаддас динимизда айтиб ўтилган, – дейди Олмазор тумандаги «Мевазор» жоме масжиди имом хатиби Раҳимжон домла. – Тешик қопқоқ қабристонида бўлаётган бунёдкорлик ишлари бизни мамнун этмоқда. Ўнлаб усталаримиз ишлаб турибди, уларнинг ортида турган ҳомийларимиз, шаҳар ҳокимлиги ва раҳбарларимиз савобга қолмоқда. Масжид, қабристонни обод қилишдан, бева-бечоранинг, етимнинг кўнглини олишдек савобли иш йўқ оламда. Одамлар ҳашаматли уй, баланд дала-ҳовлилар қуради. Лоақал ота-онаси ётган қабристонни обод қилишга ҳисса қўшмайди. Одамларни бағри кенг бўлишга чақирардим.
– Гўрковлик ота-бобомдан қолган касб, – дейди Тешик қопқоқ қабристони гўркови Тўхтавой Усмонов. – Бу ишнинг ортидан келадиган савоб ва раҳматлар мени шу касбни давом эттиришга ундади. Қабристонда бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб туради. Аввал мозор ҳудуди пахса девор билан ўралганди. Кейинчалик ёғоч тўсиқлар ўрнатилди. Улар олиб ташланиб, темир тўсиқлар билан тўсилди. У тўсиқлар жуда паст эди. Ҳозир четки томони баланд ва ҳашамдор девор билан ўраляпти. Ички томонда ҳам бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган. Тешик қопқоқ қабристонида 1970 йилдан бошлаб (шу йилдан бошлаб марҳумлар рўйхатга олина бошланган) ўн ярим мингдан ошиқроқ марҳум кўмилган. Шундан бор-йўғи 25 тасининг доимий келиб, у ёқ, бу ёғига қараб қўядиган қаровчиси йўқ. Масжидда фаолият юритаётган гўрковлар, ободонлаштириш ходимлари уларни назоратига олган.

Қабристон 9 гектарга яқин майдонни ўз ичига олади. Уни ташқи томондан ўраб турувчи тўрт ярим метрли девор 9 майга қадар қуриб битказилиши, атрофга гуллар экилиб, обод қилиниши режалаштирилган. Кейинчалик эса қабристоннинг ички қисмидаги йўлаклар қайта таъмирланиши, ўриндиқлар алмаштирилиши ва ҳудудда кичик фавворалар ўрнатилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳамид Ғулом, Ўзбекистон халқ шоири Пўлат Мўмин, ёзувчи Ҳожакбар Шайхов, Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Саидқосимов каби кўплаб санъат ва фан арбоблари ушбу қабристонда мангу қўним топган.
Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари ҳудуддаги бунёдкорлик ишлари билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Д.Маматова, ЎзА