Пухта тайёргарлик мўл ҳосил гарови
Бухоро вилоятида жорий йилда 42 минг 36 қути ипак қурти парваришлаш режалаштиришган. Умумий миқдори 2 минг 354 тонна юқори сифатли саноат хом ашёси –“кумуш тола” хирмонини бунёд этиш кўзда тутилган.
Пиллачилик соҳасида яратилган имкониятлар, оилавий звенолар ва касаначиларнинг қўллаб-қувватланиши, уларга озиқ-овқат, рағбат пуллари, шунингдек, меҳнат шартномаси асосида иш ҳақининг ўз вақтида бериб борилиши ипак қурти боқиш истагидаги оилаларнинг сони ортишига олиб келди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматидан олинган хабарга кўра, 1 минг 900 дан ортиқ фермер хўжалиги ёки 13 минг 533 та касаначи, яъни оилавий звенолар билан агрокластерлар ўртасида контрактация шартномалари тузилган. Жойларда туманлар ҳокимликлари ва пиллачилик кластерлари ҳамкорлигида тармоқ фаолиятини самарали ташкил қилиш, пилла озуқа базасини мустаҳкамлаш ҳамда жорий йилги мавсумини беталофат ўтказиш чора-тадбирлари олиб борилмоқда.
Жондор туманида бу йил 5 минг 826 қутидан 326 тонна, Вобкент туманида 4 минг 796 қутидан 267 тонна, Қоракўл туманида 4 минг 578 қутидан 256 тонна, Ромитан туманида 3 минг 505 қутидан 196 тонна, Бухоро туманида 3 минг 464 қутидан 195 тонна “кумуш тола” етиштириш режалаштирилган.
Бошқа туманларда ҳам бу борада ҳосил чўғи ўтган йилгига нисбатан баландроқ бўлади.

Ғиждувон тумани пиллакорлари вилоятда яққол пешқадам ва салмоқли хирмон яратиши билан ажралиб туради. Уларнинг зиммасида жорий мавсумда 7 минг 919 қути ипак қуртидан 443 тонна қимматбаҳо саноат хом ашёсини етиштириш мажбурияти юкланган.
“Бухоро Бриллиант Силк” қўшма корхонаси ташаббуси билан ҳудудларда ишсизликни камайтириш, аҳоли даромадлари барқарорлигини сақлаш мақсадида тарқатиладиган ипак қурти ҳар йилги режадагидан 55 фоизга оширилди.
Хўжаликлар ва оилавий звеноларга ипак қурти уруғларини тарқатиш бошланди. Ҳудудларда сектор раҳбарлари томонидан уруғларни тарқатишда шахсан жавобгарлик масъулияти оширилмоқда. Тижорат банклари томонидан пилла етиштирувчи фермер хўжаликлари ва касаначиларга белгиланган тартибда бўнак (аванс) маблағи нақд пулда топшириш, бу жараёнда вилоят Бандлик бош бошқармаси “Агропилла” ташкилоти билан ҳамжиҳатликда қишлоқ аҳолисини, айниқса, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни иш билан таъминлаш ва уларнинг даромадларини ошириш учун 1 қутидан пилла тарқатиб бериш орқали даромадли қилиш чораларини кўриши зарурлиги белгиланган.
Вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси “Агрокимёҳимоя” АЖ билан биргаликда кимёвий препаратлар билан дорилашда тут дарахтларига, яъни озуқа базаларига зарар етказмаслик чораларини кўрмоқда. Шофиркон туманида ҳам пилла қуртини тарқатиш ишлари бошланган. Жорий йилда туманда 3 минг 352 қути ипак қуртидан 188 тонна саноат хом ашёси етиштиришга аҳд қилинган. Пиллакорлар ҳудудлардаги инкубаторияларда жонлантирилган маҳаллий ипак қурти уруғини парваришлаб, ундан сифатли пилла олишга шай туришибди.
Зариф Комилов, ЎзА