Путин ва Байденнинг онлайн саммити ҳақида маълумот берилди
Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Жо Байденнинг видеомулоқоти 7 декабрь, сешанба куни Москва вақти билан соат 18:00 га белгиланди. Ушбу мулоқот матбуот учун ёпиқ тартибда ўтказилади.
Россия давлати раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песков аввалроқ журналистларга Путин ва Байденнинг бўлажак онлайн саммити тўлиқ трансляция қилинмаслигини, учрашувдан дастлабки кадрлар, сўнгра етакчилар мулоқотини кўрсатиш режалаштирилаётганини айтган эди.
Россия етакчисининг ёрдамчиси Юрий Ушаков ўтган ҳафта Путин ва Байден кенг кўламли мавзулар, жумладан, Украинанинг ички инқирози, Афғонистон, Эрон, Ливия ва Суриядаги вазиятни муҳокама қилиши мумкинлигини тахмин қилганди. Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов саммитнинг эҳтимолий оқибат ҳақида гапираркан, Россия ва АҚШ президентлари ўртасидаги суҳбат Европадаги “вазиятни тинчлантиришга” ёрдам беришини таъкидлади.
Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки, ўз навбатида, Байден Путин билан музокарада асосий эътиборни Украина мавзусига қаратиш ниятида эканини билдирди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар раҳбари Вашингтоннинг Москва билан барқарор муносабатига мойил.
Путин ва Байденнинг аввалги саммити июнь ойида Женевада бўлиб ўтган. Президентлар ўшанда бевосита учрашган.