Президент ташрифидан сўнг:
Водий вилоятларини пойтахтимиз Тошкент билан боғлайдиган “Фарғона ҳалқа йўли”нинг асосий қисми Наманган ҳудудидан ўтган бўлиб, ҳозирги кунда мазкур катта магистрал йўлдан суткасига ўртача 20 мингдан ортиқ транспорт воситалари ҳаракатланади. Кейинги йилларда машиналар оқимининг кескин ошиши туфайли трассанинг ўтказиш қобилияти талаб даражасидан ортда қола бошлади.
Президентимизнинг 2024 йил март ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида мазкур муаммога ечим топилди. Яъни, 75 километр масофадаги “Пунгон – Наманган” йўлини реконструкция қилиш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа ишлаб чиқилиб, унинг ижросига киришилди. Умумий қиймати 368 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур йўл қурилиши Хитой Халқ Республикасининг “CITIC Construction” компанияси томонидан амалга оширилмоқда.
Наманган вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси масъул ходими Дониёр Юсуфжоновнинг қайд этишича, “молиялаштириш-лойиҳалаш-қуриш” тамойилига асосланган реконструкциялаш ишлари тўрт йилга мўлжалланган бўлиб, айни вақтда қатнов тартибини икки тасмалидан тўрт тасмали цемент бетон қопламага ўтказиш, юк кўтариш қобилиятини амалдаги 10 тоннадан 13 тоннага ошириш, транспорт воситалари кунлик ҳаракатини ўртача 40 мингтага етказиш кўзда тутилган.
Минтақа учун муҳим аҳамиятга эга бўлган йўлнинг реконструкция қилиниши, аввало, унинг хавфсиз барқарор объектга айланишини таъминлайди. Айни шу мақсадда, лойиҳа тарҳига мавжуд 14 та кўприкни қайта қуриш, кўплаб ер ости ва ер усти ўтказгичларни барпо этиш ҳам киритилган.
Хитой компанияси йўлсозлари ҳамкорлигида олиб борилаётган реконструкция ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Ҳатто, қаҳратон чилланинг совуқ иқлимига қарамай мавжуд техника воситалари ва таъмирчилар кучидан унумли фойдаланилаётган ҳолда кунлик график юмушлари тўлақонли бажарилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА