Пуллик автотураргоҳ: ҳайдовчилар билиши шарт бўлган 5 та муҳим факт
Яқинда сайтимизда пойтахт кўчаларида пайдо бўлаётган «Poytaxt parking» тизими, унинг ишлаш тартиби ва муаммолари ҳақида таҳлилий мақола эълон қилган эдик.
Мавзунинг долзарблигини ҳисобга олиб, мақоладаги энг муҳим маълумотларни яна бир бор эслатиб ўтамиз:
Нархлар ва абонементлар қанча? Тўхташ жойлари нархлари марказга яқинлигига қараб 5 та зонага бўлинган ва соатига 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача этиб белгиланган. Доимий ҳаракатланувчилар учун эса ойлик абонементлар мавжуд.
Уйининг олди пуллик автотураргоҳга айланганлар нима қилади? Шу ҳудудда яшовчи аҳоли my.gov.uz орқали бепул «резидентлик рухсатномаси» олиши мумкин. Бу рухсатнома тунги вақтда (20:00 дан 08:00 гача) бепул автотураргоҳ ҳуқуқини беради. Агар кундузи ҳам бепул қўймоқчи бўлсангиз, йилига 1 БҲМ (412 минг сўм) тўлаш кифоя. Бир хонадонга 2 тагача рухсатнома берилади.
Тўлов қилмаганларга жарима борми? Статистикага кўра, кунига 15 минг ҳайдовчидан атиги 2-3 фоизи (300-450 киши) тўлов қилмоқда. Ҳозирча тўламаганларга жарима йўқ, қарздорлик иловада кўриниб туради. Аммо, бу борада қонунчиликка ўзгартириш киритиш ва жарима қўллаш тартиби жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Машина тирналса ким жавоб беради? Йўл четидаги пуллик автотураргоҳ – қўриқланадиган автотураргоҳ эмас. Машина шикастланса ёки уриб кетилса, оператор бунга жавобгар бўлмайди. Бундай ҳолатда зарар қопланиши суғурта ва ЙТҲни расмийлаштиришнинг умумий қоидалари асосида ҳал қилинади.
Очиқ қолаётган саволлар. Тизим яхши, лекин айрим тор кўчаларда, айниқса, шифохоналар ва поликлиникалар каби ижтимоий объектлар ҳамда ташкилотлар олдида автотураргоҳ чизиқлари тортилиши одамларга ноқулайлик туғдирмоқда. Бу масала мутахассислар томонидан яна бир бор кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ.
Мавзу бўйича тўлиқ маълумот ва тафсилотлар билан ЎзА мухбири Норгул Абдураимованинг ушбу ҳаволадаги мақоласида танишишингиз мумкин.