Прокурор ёшлар билан учрашди
Очиқ-ошкора, мулоқот тарзида ўтган учрашувда ёшлар эришаётган ютуқлари, ўзларини қийнаётган турли муаммо ва масалалар юзасидан эркин фикр билдирди.
Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги "Бунёдкор Замин" трикотаж корхонасида тумандаги 200 нафардан зиёд ишсиз ҳамда фаол ёшлар иштирокида "Прокурор ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди.
Андижон вилояти прокурори Ғайрат Фозилов, туман ҳокими Отабек Расулов иштирокидаги учрашувда ёшларнинг таклиф, ташаббус ва муаммолари ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўрилди.
Учрашувда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати янада юқори босқичга кўтарилганлиги, ёшларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, ёшлар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганлиги таъкидланди.
Очиқ-ошкора, мулоқот тарзида ўтган учрашувда ёшлар эришаётган ютуқлари, ўзларини қийнаётган турли муаммо ва масалалар юзасидан эркин фикр билдирди.
Шу куни учрашувда қатнашган ёшларнинг 22 нафари “Бунёдкор замин” трикотаж корхонасига ишга қабул қилинди. Бундан ташқари, яна 9 нафар ёшлар тумандаги бошқа корхона ва муассасаларга ишга жойлашадиган бўлди.

–Мен бир неча йилдан буён ўз мутахассислигим бўйича ишга кира олмай сарсон бўлдим, – дейди тадбир иштирокчиларидан бири Шерзод Рўзиев. – Учрашувда вилоят прокурорига ишга жойлашиш масаласида ёрдам беришини сўрадим. Шу куниёқ унинг кўмаги билан туманимиздаги “Нил Гранит” масъулияти чекланган жамиятига ҳайдовчи бўлиб ишга кирдим.
Учрашув давомида ёш тадбиркор Н. Холмирзаев раҳбарлик қилаётган “Муниса Голд Текс” масъулияти чекланган жамиятига “Ёшлар келажагимиз” Давлат дастури доирасида АТ “Халқ банки” туман филиали томонидан 150 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратиладиган, ушбу корхонада ишлаб чиқариш хажмини ошириш ҳисобига 5 та янги иш ўрни яратиладиган бўлди.
Ёшлар вилоят прокурори ҳамроҳлигида "Бунёдкор Замин" трикотаж корхонаси фаолияти, корхонадаги иш жараёнлари билан танишди, ишчилар билан суҳбатда бўлди.
Учрашувда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этаётган, бир гуруҳ ташаббускор ёшлар вилоят прокурорининг ташаккурномаси билан тақдирланди.
Якунда ёшларга Чингиз Айтматов, Абдулла Қодирий, Ўткир Хошимов сингари атоқли ўзбек адибларининг “Ўтган кунлар”, “Нур борки соя бор”, “Темур тузуклари”, “Юзма-юз” каби ва жаҳон адабиётига мансуб 100 дан ортиқ бадиий китоблар тарқатилди.