Прокурор кубоги ғолиблари тақдирланди
Нукусда “Қорақалпоғистон Республикаси прокурори кубоги” учун кураш мусобақаси бӯлиб ӯтди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги ҳамда “6 сентябрь – кураш миллий спорт тури куни” муносабати билан ташкил этилган мусобақада Оролбӯйи шаҳар ва туманларидан 120 нафардан ортиқ курашчи иштирок этди.
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бош бошқармаси ҳамда Ўзбекистон кураш федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу боис, мамлакатимизда прокурорлар ташаббуси ва амалий ёрдами билан ёшлар ўртасида турли спорт мусобақалари ўтказиб келинмоқда.
[gallery-3848]
Хусусан, жорий йилнинг июнь-август ойларида Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида спортнинг кураш турига қизиқадиган уюшмаган ёшлар орасида мусоқабанинг маҳаллалар босқичи ўтказилиб, унда 7 та вазн тоифасида 3 минг нафардан ортиқ курашчи иштирок этди. Энг яхши натижаларга эришган курашчилар “Қорақалпоғистон Республикаси прокурори кубоги” да иштирок этди.
Мусобақа натижасига кўра Нукус шаҳар жамоаси биринчи, Нукус туман жамоаси иккинчи, Амударё ва Чимбой туманлари жамоалари учинчи ӯринларни эгаллади. Ғолибларни Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, Ўзбекистон кураш федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Фархат Алламбергенов қутлаб, уларга диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо совғалар топширди.
Мусобақада шунингдек “Энг яхши мураббий”, “Энг яхши ҳакам”, “Энг яхши спортчиси” номинацияси бӯйича ғолиблар аниқланди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА