Прокурор бозорлардаги нарх-наволарни ўрганди
Наманган шаҳар прокурори, адлия маслаҳатчиси, шаҳар иккинчи сектори раҳбари Хуршид Одилов Президентимиз томонидан белгилаб берилган муҳим топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят марказида жойлашган бозорлар ва савдо марказларидаги асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нарх-наволари билан танишди.
Мутасадди ташкилотлар масъулларидан иборат Ишчи гуруҳ билан биргаликда Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги байрами арафасида “Чорсу” деҳқон ва “Сардоба” бозорларида ташкил этилган арзонлаштирилган савдо ярмаркалари фаолияти ўрганилди.

Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги ва бозорларда нарх-наво ошиб кетмаслигининг олдини олиш мақсадида 30 нафарга яқин тадбиркор билан суҳбатлашиб, нархларни сунъий оширмасликка, бозорда аҳоли учун қулай шароит яратиш бўйича тушунтиришлар берилди.

Ўрганишлардан маълум бўлишича, айни кезда Наманган вилоятидаги аҳоли энг кўп тўпланадиган бозорларда 1 килаграмм мол гўшти 61 000 сўм, қўй гўшти 75 000 сўм, товуқ гўшти 21 000 сўм, пиёз 3 900 сўм, сабзи 2 500 сўм, картошка 3 500 сўм, 1 дона тухум 900 сўм, 1 литр пахта ёғи 17 000 сўм, кунгабоқар ёғи 21 000 сўмдан сотилмоқда. Мутахассисларга кўра, бу август ойи бошига нисбатан барқарор ҳолатдир.

Наманган шаҳар прокуратураси томонидан ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, нарх-наволар барқарорлиги борасидаги бу каби назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА