Прокуратурага йўлланаётган аҳоли мурожаатлари қандай ҳал қилинмоқда?
436 нафар масъул шахс интизомий, 512 нафар мансабдор маъмурий жавобгарликка тортилди.
Прокуратура органлари томонидан фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича қандай чора-тадбирлар амалга оширилди? Бош прокуратура Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Муродилжон Мўминов шу саволга жавоб берди:
– Жорий йилнинг тўққиз ойида прокуратура органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қонунда белгиланган муддатда, ҳар томонлама ҳамда холисона кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали йўлланган мурожаатларнинг қонуний ҳал этилиши диққат марказида бўлди.
Прокуратура органларига келиб тушган 300 мингга яқин мурожаатнинг 59,5 фоизи бевосита тизимнинг ўзида ҳал этилди. Шундан 50 мингдан зиёди қаноатлантирилди, 126 мингдан ортиғи бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Президент Виртуал ҳамда Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган 142 минг 884 та мурожаатнинг 83,7 фоизи бевосита прокуратура органларида кўриб чиқилди. Уларнинг 25,3 фоизи қаноатлантирилиб, 70,7 фоизи юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди.
Прокуратура ходимлари томонидан 220 минг 240 нафар, шу жумладан, сайёр ва оммавий қабулларда 60 минг 371 нафар фуқаро қабул қилиниб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилди. Аҳолининг 29 минг 94 нафари бевосита Бош прокуратура ходимлари томонидан қабул қилинган. Шахсан Бош прокурор ва унинг ўринбосарлари 182 нафар жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиб, мурожаатларининг қонуний ҳал этилишини таъминлади.
Январь-сентябрь ойларида иқтисодий ва ижтимоий аҳволи нисбатан оғир бўлган 5 мингдан зиёд маҳаллада сайёр қабуллар ўтказилди. Фуқаролар ва тадбиркорлардан турли масалаларда келиб тушган 28 минг 156 та мурожаатнинг 13 минг 548 таси жойида ижобий ҳал этилди.
Мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, энг катта кўрсаткич ИИВ тизимидаги терговга қадар текширув, суриштирув ва тергов масалалари, ижтимоий-иқтисодий соҳалар ҳамда суд ва бошқа орган ҳужжатлари ижросида қонунларга риоя этилиши билан боғлиқ экани аниқланди.
Ҳисобот даврида 3 минг 636 та такрорий мурожаат рўйхатга олинди. Уларнинг аксарияти суд ҳужжатлари ижроси (шу жумладан, алимент ундириш), ИИВ тизимидаги тергов ва суриштирув ҳаракатлари ҳамда ижтимоий-иқтисодий муносабатларга доир.
Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳрида тергов, суд қарорлари, МИБ фаолияти ва экология; Тошкент вилоятида ер, уй-жой ва давлат бошқаруви; Фарғона вилоятида фуқаролик судлари қарорлари ва меҳнат ҳуқуқларига оид мурожаатлар кўпайган. Сурхондарёда маъмурий суд ишлари ва меҳнат муносабатлари, Хоразмда эса ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлар ҳамда ички ишлар органлари фаолиятига доир шикоятлар сони ошган.
Прокуратура органлари томонидан вазирлик, идоралар ва маҳаллий ҳокимликларда мурожаатлар тўғрисидаги қонунчилик ижроси юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижасида 1 минг 508 та прокурор назорати ҳужжати қўлланилиб, 55 минг 898 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 116 та тақдимнома киритилди ва 434 та протест келтирилди. Шунингдек, 321 нафар шахс жавобгарликка тортилиб, 222 нафар мансабдор шахс расман огоҳлантирилди. Судларга 25,6 миллиард сўмлик зарарни ундириш бўйича 177 та даъво аризаси киритилди ва 7,9 миллиард сўм зарарнинг ихтиёрий қопланиши таъминланди.
Президент раислигида 2026 йил 13 мартда ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар асосида Қарши шаҳрида аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг намунавий тизимини яратиш бўйича «Ҳаракатлар режаси» ишлаб чиқилди. Республиканинг барча ҳудудларидан танлаб олинган 14 та шаҳар ва туманда аҳоли мурожаатларида кўтарилган муаммоларни манзилли ҳал этиш чоралари кўрилди.
Мазкур йўналишдаги ўрганишлар давомида 1 минг 380 та прокурор назорати ҳужжати қўлланилиб, ташкилот ва идораларга 421 та тақдимнома киритилди.
Қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 436 нафар масъул ходим интизомий, 512 нафари эса маъмурий жавобгарликка тортилди. Уларнинг 163 нафари туман ва шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари.
Норгул Абдураимова,
ЎзА