“Профилактика мактаблари” ташкил этилади
Жорий йил якунига қадар туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида юқумли бўлмаган касалликлар, шу жумладан, юрак-қон томир касалликлари ва уларнинг асоратлари профилактикаси, ўз касаллигини доимий назорат қилиб бориш кўникмасини шакллантиришга қаратилган “Профилактика мактаблари” ташкил этилади.
Яъни “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” хоналари ташкил этилиб, беморлар 35 турдаги тарқатма материаллар билан таъминланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланди.
2023 йил 1 январга қадар эса Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг протоколига асосланган юрак-қон томир касалликлари хавф-стратификациясини баҳолаш учун мобил илова яратилиб, амалиётга татбиқ этилади. Натижада тиббиётнинг бирламчи бўғинида фаолият юритувчи оилавий шифокорлар иши соддалаштиришга ва самарадорлигини оширишга эришилади.
Шунингдек, асосланган ҳисоб-китоблар ҳамда эҳтиёжга кўра, туман (шаҳар) шифохоналарини 4 турдаги кардиология ускуналари билан жиҳозлаш ҳисобига кўрсатиладиган хизмат турлари 15 тага етказилиши таъминланади.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиалларида кардиология йўналишида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари тури босқичма-босқич 15дан 35 тургача оширилади.
ЎзА