Профилактика, ижтимоий муаммолар ва ёшлар билан ишлаш масалалари ўрганилди
Маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, аҳоли муаммоларини жойида аниқлаб, уларга самарали ечим топиш бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” тамойили ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар замирида ҳам инсон қадри, жамоат хавфсизлиги ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш мақсади мужассам.
Бу борада 2026 йил 5 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026 йилда Республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорлари ижросини таъминлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш, масъул идоралар ҳамкорлигини кучайтириш ва жойлардаги ишларнинг натижадорлигини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоятида Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби ташкилий йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби ва ишчи гуруҳи аъзолари, Ички ишлар, Адлия, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Соғлиқни сақлаш, Таълим ва илм-фан вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги, Миллий гвардия, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда уларнинг ҳудудий бошқармалари масъуллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим ва илмий ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Йиғилишда қарорлар ижроси доирасида тасдиқланган “Йўл хариталари” бажарилиши, амалга оширилган ишлар юзасидан тақдим этилаётган ҳисоботларнинг ҳаққонийлиги ва натижадорлиги атрофлича муҳокама қилинди. Масъулларга белгиланган вазифалар ижросини холис ўрганиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва ҳар бир йўналиш бўйича аниқ натижаларга эришиш юзасидан топшириқлар берилди.
Шундан сўнг Республика штаби ишчи гуруҳлари томонидан Бухоро шаҳри, Жондор, Когон ва Пешку туманларидаги маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Бунда асосий эътибор криминоген вазияти оғир маҳаллаларда ижтимоий профилактика ҳафталигини ташкил этиш, муаммоли ва жиноят содир этишга мойил шахслар билан манзилли ишлаш, муқаддам судланган ҳамда пробация назоратидаги фуқароларни ижтимоий мослаштириш масалаларига қаратилди.

Шунингдек, оғир ижтимоий аҳволдаги, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар, муаммолар гирдобида қолган ёшлар билан ишлаш, уларни қийнаётган омилларни аниқлаш ва бартараф этиш чоралари кўриб чиқилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Ўрганишлар давомида жамоат хавфсизлигини таъминлашда ижтимоий профилактиканинг ўрнига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, жиноят содир этилгандан кейин унинг оқибатларини бартараф этишдан кўра, инсонни ҳуқуқбузарликка етаклаши мумкин бўлган ижтимоий, иқтисодий ва маънавий муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга ечим топиш анча самаралидир.
Шу мақсадда ишчи гуруҳ аъзолари Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий-амалий маркази Бухоро вилояти филиалида ҳам бўлиб, ҳудудда наркология ва психиатрия хизматларини самарали ташкил этиш борасидаги ишлар билан танишди.
Учрашувда аҳоли ўртасида руҳий ва наркологик касалликларнинг олдини олиш, беморларни манзилли даволаш, диспансер назоратини кучайтириш ҳамда тиббий ва ижтимоий профилактика чораларини мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, руҳий ва наркологик касалликлар бўйича ҳисобда турган беморларнинг яқин қариндошлари билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди. Мутахассислар томонидан беморларни даволаш тартиби, уларнинг ҳолатини мунтазам назорат қилиш, турли салбий ҳолатларнинг олдини олишда оила аъзоларининг масъулияти ва ҳамкорлиги хусусида тушунтиришлар берилди. Фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларни қонуний ҳал этиш бўйича масъулларга топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Ёшлар билан ишлаш масаласи ҳам ўрганишларнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Хусусан, Ёшлар марказида “Ёшлар жиноятчилигини барвақт олдини олиш ҳамда ёшларнинг муаммолари ва ташаббуслари” мавзусида учрашув ўтказилди. Унда ёшларнинг мурожаатлари тингланиб, таълим олиш, иш билан таъминланиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, касб-ҳунар эгаллаш ва мавжуд имкониятлардан фойдаланишда учраётган тўсиқлар атрофлича ўрганилди. Билдирилган таклиф ва ташаббуслар юзасидан масъул идоралар вакилларига аниқ вазифалар юклатилди. Бу ёндашувнинг аҳамияти шундаки, ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш фақат назорат ва профилактик суҳбатлар билан чекланмаслиги керак. Ёшларга таълим, касб, бандлик ва тадбиркорлик учун реал имконият яратиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳам жиноятчиликка қарши курашишнинг муҳим омилидир.
Ўрганишлар Бухоро ва Когон шаҳарлари, Қоракўл ва Бухоро туманларидаги маҳаллаларда ҳам давом эттирилиб, тасдиқланган “Йўл хариталари” ижроси, хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Ўрганишлар якунида Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б. Валиев раислигида Президент қарорлари ижроси юзасидан Бухоро вилоятида ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокамасига бағишланган сайёр йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, ёшлар билан ишлаш ҳамда идоралараро ҳамкорлик самарадорлиги таҳлил қилинди. Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва жамоат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Йиғилиш якунида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва ёшлар билан ишлаш йўналишларида самарали фаолият олиб борган бир қатор масъуллар рағбатлантирилди. Жумладан, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, юқори натижаларга эришган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳам муносиб тақдирланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири