Профилактик тадбирларда фош этилди
Жиззах шаҳрида “Хавфсиз ҳудуд – долзарб 10 кунлиги” доирасида ўтказилган профилактик тадбирларда Ички ишлар органларининг узвий ҳамкорликдаги ҳаракатлари туфайли гиёҳванд моддалар билан боғлиқ қатор қонунбузарликлар бартараф этилди.
Хизмат итлари ёрдамида ўтказилган рейд давомида Патрул-пост хизмати бошқармасининг кинология бўлинмаси сафдори Бобур Алиев ўзининг “Нил” лақабли ити билан шаҳарнинг Иттифоқ маҳалласи ҳудудидан кучли таъсир қилувчи психотроп модда яширилган 9 та нуқтани топишга муваффақ бўлди.


Кейинроқ қўлга олинган Жиззах шаҳрининг Мирзо Улуғбек маҳалласида яшовчи Ж.Х. ушбу моддани 1 миллион сўмга сотиш мақсадида 9 нуқтага 0,7088 грамм психотроп воситани кўмиб қўйганини тан олди. Ҳолат юзасидан қонун доирасида тергов ҳаракатлари бошлаб юборилди.
Гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ яна бир ҳолат эса вилоятнинг Шароф Рашидов туманида қайд этилди. Сўғдиёна маҳалласида хизмат олиб бораётган патрул-пост хизмати ходимлари ўзларини шубҳали тутаётган 3 нафар шахсни тўхтатиб, қонун доирасида текширув ўтказди.


Шахсларнинг бири — Самарқанд шаҳрининг “Қуйи Хўжасоат” маҳалласида яшовчи фуқаронинг чўнтагидан 16 дона қадоқланган психотроп модда топилди. Суҳбат давомида иккинчи гумонланувчи яна 5 дона моддани маҳалла ҳудудига кўмиб қўйганини маълум қилди. Ҳодиса жойида топилган моддалар экспертизага юборилди ва улар 3,74 граммдан иборат кучли таъсир этувчи психотроп моддалар эканлиги аниқланди. Бу ҳолат бўйича ҳам жиноий иш қўзғатилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари