Профилактик тадбир ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, манфаатлар тўқнашуви ҳамда коррупциявий омилларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбир ташкил этилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ва Адлия вазирлигининг масъул вакиллари, бошқарма раҳбарияти ҳамда шахсий таркиб ходимлари иштирок этишди.
Тадбир давомида коррупциявий хавфларни келтириб чиқарувчи асосий омиллар, жумладан, уруғ-аймоқчилик, маҳаллийчилик, таниш-билишчилик каби салбий ҳолатлар оқибатида юзага келадиган манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Давлат хизматида холислик, қонунийлик ва хизмат интизомига қатъий риоя этишнинг аҳамияти хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаш ва уларни қонунчилик талаблари асосида расмийлаштириш жараёнида манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган вазиятларнинг олдини олиш, бундай ҳолатларда белгиланган тартибга қатъий риоя этиш юзасидан масъул ходимлар томонидан амалий тавсия ва тушунтиришлар берилди.

Таъкидланганидек, бу каби профилактик учрашувлардан кўзланган асосий мақсад ходимларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, тамагирлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, шахсий манфаатни хизмат манфаатидан устун қўйиш ва турли ноқонуний таъсирлар асосида қарор қабул қилиш каби ҳолатларнинг олдини олиш, хизмат фаолиятида юксак масъулият ва ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлашдан иборат.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири