Профессор хонадонида кутубхона ташкил этилди
Китоб — инсон тафаккурини чархлайдиган, қалбини эзгуликка йўғирадиган, ҳаётга теран нигоҳ билан қарашга ўргатадиган бебаҳо бойлик. Унинг қадри фақат жавонларда сақланиши билан эмас, балки нечта қалбдан жой олиши, қанча инсонни янги билимлар сари етаклаши билан белгиланади. Гулистон туманининг Мевазор маҳалласида Равшанбек Маҳмудов хонадонида ташкил этилган кутубхона ана шу эзгу ташаббуснинг амалий ифодасидир.
Бугун ахборот оқими тобора тезлашиб, инсон диққатини турли воситалар ўзига тортаётган бир даврда китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларни мутолаага ошно этиш ва маънавий муҳитни бойитиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу йўлда қуруқ даъватлардан кўра, шахсий намуна ва амалий ташаббус кўпроқ самара беради. Равшанбек Маҳмудовнинг йиллар давомида тўплаган китобларини кенг жамоатчилик билан баҳам кўришга қарор қилгани ҳам эътиборга молик ана шундай ташаббуслардандир.

Гулистон давлат университети профессори, фалсафа фанлари номзоди, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Республика «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси Равшанбек Маҳмудовнинг шахсий кутубхонасида қарийб ўн мингта китоб жамланган. Энди бу бойликдан маҳалла аҳли, талабалар, журналистлар ва китобга қизиқувчи бошқа инсонлар ҳам баҳраманд бўлишлари мумкин.
Мазкур ташаббус замирида Равшанбек Маҳмудов ва унинг турмуш ўртоғи, кўп йиллардан буён таълим соҳасида фаолият юритиб келаётган олий тоифали математика ўқитувчиси, «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони соҳиби Замирахон Исмоилованинг китобга муҳаббати, маърифатга садоқати ва йиллар давомида қалбларида асраб келган орзулари мужассам. Айниқса, Замирахон Исмоилованинг уй кутубхонасини ташкил этиш ҳақидаги ўн йиллик орзуси рўёбга чиққани бу эзгу ишга алоҳида мазмун бағишлайди.

— Бундан анча йиллар олдин, ҳали ҳовлили уйга кўчиб ўтмасдан, кўп қаватли уйда яшаган пайтимизда ҳам хонамиздан бирини кутубхонага айлантирган эдик. Ўшандаги орзуимиз бугун амалга ошди. Ниҳоят, уй кутубхонамиз, нурхонамиз, маърифатхонамизни очишга эришдик. Бу ердаги китоблар ўтган асрнинг 70-йилларидан буён жамланиб келинади, — дейди Равшанбек Маҳмудов.

Дарҳақиқат, бу кутубхонадаги ҳар бир китобнинг ўз тарихи, ўз қадри бор. Жавонлардан жой олган нашрлар йиллар давомидаги мутолаа, изланиш ва меҳнат самарасидир. Бу ерда олимнинг илмий, бадиий ва публицистик асарлари, монографиялари, шунингдек, ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналари, дарсликлар, ўқув қўлланмалари, тарихий ҳамда фалсафий китоблар жамланган. Равшанбек Маҳмудовнинг 70 дан ортиқ асари ҳам кутубхона бойлигининг салмоқли қисмини ташкил этади.

Алишер Навоий асарларининг кўп жилдли нашрлари, Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари куллиёти, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева ва Тўра Сулаймон каби таниқли ижодкорларнинг асарлари китобхонлар учун алоҳида аҳамиятга эга. Абдусид Кўчимов, Нурали Қобил, Хуршид Даврон, Иқбол Мирзо ва бошқа қалам аҳлларининг дастхат ёзилган китоблари, шунингдек, сирдарёлик ижодкорларнинг асарлари ҳам кутубхонадан муносиб ўрин олган.

Айниқса, муаллифлар дастхати битилган китоблар эътиборни тортади. Уларда ижодкорларнинг самимий тилаклари билан бирга, адабий дўстлик, ҳамкорлик ва ижодий мулоқотлар тарихи ҳам акс этган. Олимнинг турли асарларга ёзган тақризлари, илмий изланишларига оид материаллар эса кутубхона мазмунини янада бойитади. Шу боис бу масканни шунчаки китоблар жамланмаси эмас, балки Равшанбек Маҳмудовнинг кўп йиллик илмий, педагогик ва ижодий фаолиятини ўзида мужассам этган маънавий хазина дейиш мумкин.
Равшанбек Маҳмудовнинг ҳаёт йўли илм-фан, таълим-тарбия, журналистика ва маърифат билан узвий боғлиқ. Устоз меҳнат фаолиятини Муқимий номидаги Қўқон давлат педагогика институтида бошлаб, талабаларга «Нутқ ўстириш» фанидан сабоқ берган. Кейинги йиллардаги илмий изланишлари, педагогик фаолияти ва ижодий меҳнати давомида кўплаб асарлар яратди, шогирдлар камолотига ҳисса қўшди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Республика «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими Фахрийлар кенгаши раиси сифатида ҳам вилоятнинг маънавий-маърифий ҳаётида фаол иштирок этиб келмоқда.

Олимнинг шахсий кутубхонасини кенг жамоатчилик учун очиши ана шу ҳаётий эътиқодининг мантиқий давомидир. Зеро, китобнинг қадри уни фақат асраб-авайлаш билангина эмас, балки ундаги билим ва маърифатни бошқалар билан баҳам кўриш орқали ҳам ортади.

— Равшанбек Маҳмудов нафақат профессор, балки китобни севувчи, маърифатни қадрлайдиган инсон. У кишининг ўзи истиқомат қилаётган маҳалла аҳолиси учун шундай кутубхона ташкил этгани қувонарли. Энди маҳалла аҳли, домланинг шогирдлари, ҳамкасблари ва кенг жамоатчилик ушбу зиё масканидан баҳраманд бўлади. Бу — китобхонлик маданиятини юксалтириш йўлидаги муҳим ташаббус, — дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими раиси вазифасини бажарувчи Дилором Исмадиёрова.
Меҳнат фахрийси, шоир ва ёзувчи Турғун Норқулов ҳам бундай ташаббусларнинг маънавий аҳамиятига эътибор қаратади. Унинг фикрича, йиллар давомида тўпланган китобларни кенг жамоатчилик ихтиёрига тақдим этиш ёшларни мутолаага ошно қилиш, уларнинг билими ва дунёқарашини бойитишга хизмат қилади. Зеро, маърифат масканлари нафақат китоб сақланадиган жой, балки фикр алмашиладиган, янги ғоялар туғиладиган ва авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқлик мустаҳкамланадиган муҳит ҳамдир.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси, шоира ва адиба Норинсо Қосимова ҳам хонадондаги китоб бойлигининг халқ ихтиёрига тақдим этилиши катта маъно касб этишини таъкидлайди. Унинг қайд этишича, Равшанбек Маҳмудов ва Замирахон Исмоилованинг йиллар давомида асраб-авайлаб тўплаган китобларини китобхонлар ихтиёрига бериши бошқалар учун ҳам ибратли ташаббусдир. Бундай хайрли ишлар жамиятда китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларнинг адабиётга қизиқишини кучайтириш ва маънавий муҳитни бойитишга хизмат қилади.

Кутубхонанинг ташкил этилишида Замирахон Исмоилованинг ҳиссаси ҳам беқиёс. Уч нафар қизини вояга етказиб, уларнинг илм-фан йўлида камол топишига ҳисса қўшган, оилада таълим ва тарбияга алоҳида эътибор қаратиб келаётган зиёли она учун бугунги воқеа кўп йиллик орзусининг ушалишидир. Унинг китобга муҳаббати ва ёш авлод тарбиясига бўлган эътибори хонадондаги маърифат муҳитининг шаклланишида муҳим ўрин тутади.

Энди Гулистон туманидаги Мевазор маҳалласи аҳолиси, айниқса, ёшлар ва ўқувчилар учун янги имконият эшиги очилди. Гулистон давлат университети талабалари, домланинг шогирдлари, журналист ҳамкасблари ва китобсеварлар бу ердаги бой адабий хазинадан фойдаланишлари мумкин. Кутубхонанинг кенг жамоатчилик учун очиқлиги шахсий ташаббуснинг ижтимоий аҳамиятини янада оширади.

Зеро, инсоннинг маънавий бойлиги у тўплаган билим, ҳаётий тажриба ва амалга оширган эзгу ишлари билан қадрлидир. Равшанбек Маҳмудов ва Замирахон Исмоилова хонадонида ташкил этилган уй кутубхонаси ҳам ана шу тушунчанинг ёрқин ифодасидир. Қарийб ўн мингта китоб жамланган бу маскан энди янги китобхонлар, янги изланишлар ва янги орзуларга йўл очади.
Китобга очилган эшик — маърифатга очилган эшикдир. Бу хонадондаги эзгу ташаббуснинг энг катта ютуғи ҳам шунда: йиллар давомида оила бойлиги бўлиб келган китоблар энди маҳалла аҳли ва кенг жамоатчилик учун ҳам маънавий хазинага айланмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири