Профессионал таълим барқарор ривожланиши керак
Тошкентда “Профессионал таълимни барқарор ривожлантиришнинг минтақавий жиҳати ва истиқбол” мавзусида II минтақавий илмий конференция бўлиб ўтмоқда.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш тармоқлари учун профессионал таълим” (PECA) ва “Ўзбекистон касб-ҳунар таълими тизимидаги модернизация ва ислоҳот жараёнини қўллаб-қувватлаш” (TexVET) ташкилотлари ҳамда Германия ҳукумати номидан “Deutsche Gesellschaft für Internationale Zusammenarbeit GmbH”, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон Республикалари, шунингдек Германия ва Aвстрия мутахассислари ўртасида тажриба, билим алмашиш мақсадида ташкил этилган анжуманда 50 дан зиёд муаллифнинг касб-ҳунар таълими турли йўналишлари – хорижий ва миллий тенденция, ўқув муассасаларининг бизнес ҳамжамияти билан ҳамкорлиги, рақамлаштириш, сифатни таъминлаш, кадрлар малакасини ошириш, молиялаштириш бўйича мақолалари, илмий ишлари жамланган электрон нашр тўплами тақдим этилди.
[gallery-14196]
– Нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё меҳнат бозорида ўрта бўғин мутахассисларига эҳтиёж ортмоқда, – деди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги профессионал таълимни ривожлантириш департаменти бошлиғи вазифасини бажарувчи Ўткир Алижонов. – Шу боис касбга тайёрлаш ва иш билан таъминлаш масаласи ҳам долзарблик касб эта бошлади. Марказий Осиё давлатларида ҳам бу борада қилишини керак бўлган ишлар талай.
Масалан, мамлакатимизда Германия тажрибаси асосида жорий этилган дуал таълим тизими айни йўналишни ривожлантириш учун кенг имконият яратади. Икки кун давом этадиган форумнинг ихтисослашган сессиялари ва эркин мулоқот давомида дуал таълимни ривожлантиришга қаратилган аниқ йўналишлар белгилаб олинади.
Германияда иш берувчи кадр тайёрлаш жараёнида бевосита иштирок этади. Дуал таълим тизимида ҳам шу жиҳатга алоҳида эътибор берилади. Бу усул меҳнат бозори ва таълим интеграцияси, деб ҳам аталади. Ҳозир мамлакатимизда ҳам турли йирик иш берувчи тузилмалар билан ҳамкорлик ўрнатиш масаласи устида жиддий иш олиб бориляпти. Кадр тайёрлашда жойлардаги иш ўрни билан боғлиқ вазият ўрганилиб, таҳлил қилиняпти, янги завод, фабрикалар билан олдиндан келишиляпти.
Яқинда Фарғона вилоятида Германия билан шерик корхона ишга туширилади. Ушбу объектга қабул қилинадиган ходимлар дуал таълим тизими орқали тайёрланяпти. Асосий урғу меҳнат бозорига малакали мутахассислар етказиб беришга қаратилмоқда.
Тадбир давомида иштирокчиларга “яшил иқтисодиёт”, касб ва таълим стандартини ишлаб чиқиш, замонавий ўқитиш ва таълим усули, касбга йўналтириш ва таълимни электрон бошқариш тизими каби долзарб мавзуларда маҳорат дарслари ўтказилади. Тошкент давлат транспорт университети, пойтахтимиздаги Темир йўл техникуми, шунингдек тўқимачилик соҳасида таҳсил олаётган ўқувчиларни амалий машғулотга қабул қилаётган “Bakan tekstil” корхонаси фаолияти билан танишиш, дуал таълим тизимининг мамлакатимиздаги самараси хусусида маълумот бериш режалаштирилган.
Гўзал Сатторова,
Муродхон Хўжаев (сурат),
ЎзА