Профессионал спорт сари муҳим қадам
Бухоро вилояти Қоракўл туманида ҳам “ДХХ раиси кубоги” мусобақалари уюшқоқлик билан ўтказилди.
«Соғлом ёшлар – янги Ўзбекистон келажаги» шиори остида ўтказилаётган ушбу мусобақалар ёшларнинг ўз иқтидорини намойиш этиши учун яна бир имконият саналади.
Мусобақа уюшмаган, кам таъминланган ва айни пайтда ишсиз ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни, шунингдек, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишига, хусусан, спортнинг мини-футбол ва футбол турларини ёшлар орасида оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этади.
Қоракўл туманидаги 50 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги ёшлар жам бўлган футбол мусобақасида рақиблар қуръа ташлаш йўли билан аниқланди. Мазкур мусобақанинг туман босқичи маҳаллалар кесимида ўтказилади. Айни пайтда Қоракўл тумани секторларидаги маҳалла ёшлари ўртасида мусобақанинг ҳудудий босқичлари давом этмоқда. Тумандаги «Пахтакор» марказий ўйингоҳида биринчи ҳудуд С-гуруҳидаги Човли, Қораҳожи, Янгизамон, Деҳқонобод ва Камолот жамоалари ғолиблик учун баҳслашди. Барча ўйинлар тузилган график жадвал асосида туман спортни ривожлантириш бўлими ва туман Ёшлар ишлари агентлиги ходимлари томонидан ташкил этилаётир.
Мусобақанинг сектор биринчилиги учун баҳсларини туман ҳокими Хуршид Тоҳиров очиб берди.
–Биз ёшлар учун ўзимизни кўрсатишга, спорт билан шуғулланишга имкон яратаётган мазкур турнирда ғолиблик учун астойдил ҳаракат қиляпмиз, –дейди деҳқонободлик ғолиб жамоа вакили Шаҳзодбек Арашев. – Бошқа маҳаллалар ёшлари билан куч синашиш давомида ўзимизнинг ютуқ ва камчиликларимизни билиб оляпмиз. Бу мусобақа уюшмаган ёшлар учун профессионал спорт сари муҳим қадам ташланаётган кўприкка ўхшайди.
Мазкур мусобақаларда 16-30 ёшдан иборат 100 та жамоа иштирок этмоқда. Шунингдек, мусобақада «Энг яхши ўйинчи», «Энг яхши тўп урар», «Энг яхши дарвозабон» ва «Энг яхши мураббий» номинациялари бўйича ғолиблар аниқланади.
[gallery-6679]
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА