Шарқий ҳарбий округида Сержантлар форуми ўтказилди.
Видеоконференц-алоқа шаклида ўтган тадбирда қўшинлар олдига қўйилган мақсад ва вазифаларни бажаришда сержантлар таркибининг ўрни ва роли, бош сержант ва бош сержант ёрдамчиларининг фаолияти таҳлил этилди. Шунингдек, миллий армиямизда кечаётган ислоҳотлар жараёнида сержантлар таркибига қўйилган талаблар, бўлинмаларга юклатилган ўқув-жанговар вазифаларни самарали бажаришда уларнинг ташаббускорлигини кучайтириш, ҳарбий интизом ва соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлашдаги масъулиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-20353]
Тадбирда сўз олган Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Ойбек Саидов сўнгги йилларда профессионал сержантлар корпусини шакллантириш борасидаги чора-тадбирлар ва уларнинг аҳамияти, округ қўшинлари олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритди. Таъкидлаш керакки, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони ташаббуси билан жорий йилдан Мудофаа вазирлиги қўшинларида бош сержант ва бош сержант ёрдамчилари лавозимлари ташкил этилиб, уларга бўлинмалар кундалик фаолияти, жанговар тайёргарлигини ошириш, оддий аскар ва сержантлар таркибининг индивидуал тайёргарлиги, касбий билимларини юксалтиришда ва ҳарбий интизомни мустаҳкамлашда командирнинг асосий кўмакчиси бўлиш вазифаси юклатилганди. Форум давомида соҳа вакилларининг ўтган даврда амалга оширган ишлари, истиқболдаги режа ва таклифлари эшитилди. Ўзаро савол-жавоб ва очиқ мулоқот тарзида келгусидаги долзарб вазифалар кўриб чиқилди.
Форум якунида бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвон тантанали тарзда топширилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА