Муносабат
Бугун дунёга юз тутаётган Янги Ўзбекистон олиб бораётган ташқи сиёсат жаҳон жамоатчилигининг диққат марказида турибди. Қолаверса, мамлакатимиз қатор глобал ташаббусларнинг муаллифига айланмоқда.
Ҳозир мамлакатимиз дунёнинг 130 дан ортиқ давлати билан дипломатик алоқалар ўрнатган, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларда Ўзбекистоннинг 55 та дипломатик ва консуллик ваколатхонаси мавжуд. Бундан ташқари, Ўзбекистон 100 дан ортиқ халқаро ташкилотнинг аъзоси бўлиб, кўп томонлама ҳамкорлик тузилмалари билан ўзаро шерикчилик алоқаларини ривожлантирмоқда.
Бугунги таҳликали давр ташқи сиёсатни оқилона ва изчил давом эттиришни талаб этмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 8-9 август кунлари расмий ташриф билан Қозоғистон Республикасида бўлиб, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди.
Ана шу учрашув доирасида Остона шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчиларининг тор доирадаги мулоқоти ва Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилиб, икки томонлама ҳужжатлар тўплами қабул қилинди. Қўшма лойиҳаларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувда Президентимиз Шавкат Мирзиёевга минтақа давлатлари ўртасидаги дўстлик, қўшничилик ва ўзаро англашувни ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Фахрий нишони тантанали равишда топширилди. Ушбу юксак мукофот учун давлатимиз раҳбари Марказий Осиё етакчиларига миннатдорлик билдириб, ушбу юксак мукофот мамлакатларимизнинг минтақавий ҳамкорлик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашдаги умумий ютуқларининг эътирофи эканини таъкидлаб ўтди.
Ўтказилган тарихий учрашувда давлатимиз раҳбари минтақани ҳар томонлама ривожлантириш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш юзасидан нутқ сўзлади. Президентимиз Марказий Осиё давлатларининг дунё ҳамжамиятидаги ўрнини юксалтириш, бу борада устувор ҳисобланган муҳим йўналишлар ва Ўзбекистоннинг ташаббусларини илгари сурди.
Жумладан, Марказий Осиё ўзининг геосиёсий жойлашуви туфайли глобал ишонч инқирози ва можаролар кескинлашувининг барча салбий оқибатларини тўлиқ бошдан кечираётгани, Украина атрофида ва Яқин Шарқда содир бўлаётган воқеалар минтақанинг барқарор ривожланишига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатаётганлиги тўғрисидаги хавотирларини билдирди. Мазкур ҳолатлар натижасида анъанавий савдо ва транспорт занжирлари бузилаётганини таъкилаб ўтди. Биз санкциялар сиёсатининг асирига айландик, логистика харажатлари сезиларли даражада ошди, инфляция босими кучаймоқда. Жаҳон капитал бозорида имкониятлар қисқармоқда, протекционизм кучайиб, янги-янги тўсиқлар пайдо бўлаётгани тўғрисидаги фикрлари орқали барчани ҳушёрликка чақирди.
Президентимиз Марказий Осиёнинг бугуни ва келажаги, мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги кўп жиҳатдан умумий саъй-ҳаракатларимизга, яқиндан ҳамкорлик қилиш, қатъий чоралар кўриш ва минтақа манфаатларини биргаликда илгари суришга тайёрлигимизга боғлиқ эканлигини алоҳида таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг тарихий нутқини Андижон давлат университети масъуллари, профессор-ўқитувчилари чуқур таҳлил қилгани ҳолда Президентимизнинг минтақанинг тинчлиги борасидаги муҳим фикрларини мамлакатимиз ҳавфсизлиги ва барқарорлигининг кафолати сифатида қўллаб-қувватлайди.
Айниқса, Юртбошимиз томонидан илгари сурилган “Марказий Осиё ёшлар кун тартиби – 2030” ташаббуси, ёш авлодни ҳамкорлик дастурларига жалб қилиш учун доимий равишда “Инновацион ғоялар ва лойиҳалар минтақавий ёшлар танлови”ни ўтказиш, Марказий Осиё таълим ва академик алмашув дастурини қабул қилиш ва мамлакатларимиздаги етакчи олий ўқув юртларининг дипломларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш, шунингдек, минтақа давлатлари иқтидорли талабаларининг ўқиши учун ўзаро келишувлар асосида стипендиялар ажратиш борасидаги таклифлари олий таълим муассасалари масъуллари, барча зиёлиларни бирдек қувонтирди.
Ушбу ғоя, фикр ва ташаббуслар, шубҳасиз, Янги Ўзбекистон ёшларининг дунёга чиқиши учун кенг йўл очувчи яна бир имконият, қолаверса, Марказий Осиё равнақи йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлади.
Бахтиёржон АКБАРАЛИЕВ,
Андижон давлат университети ректори, техника фанлари доктори, доцент.
ЎзА