Президентимизнинг Боку саммитидаги нутқи Озарбайжон ОАВ нигоҳида
Маълумки, яқинда Боку шаҳрида Бутунжаҳон урбанизация форумининг 13-сессияси доирасида бўлиб ўтган Етакчилар саммитида давлатимиз раҳбари иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Эътиборлиси, Президентимизнинг мазкур нуфузли йиғинда илгари сурган таклиф ва ташаббуслари Озарбайжоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари, хусусан, “АзерТАЖ”, “Report” ва “АPA” ахборот агентликлари диққат марказида бўлди.

Нашрларнинг ёзишича, Ўзбекистон етакчиси ўз нутқида расмий Тошкент бундан кейин ҳам Озарбайжоннинг Қорабоғ минтақасини тиклаш ва янада ривожлантириш ишларига яқиндан кўмаклашишга тайёр эканини алоҳида таъкидлаган.
– Бутун Озарбайжон диёрида, айниқса, Қорабоғ заминида улкан бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилмоқда. Озод қилинган ҳудудларда қисқа муддатларда бутун бошли шаҳарлар қайта тикланиб, янги турар жой мажмуалари, замонавий инфратузилма объектлари барпо этиляпти. Фурсатдан фойдаланиб, ана шундай олижаноб ишларга муносиб ҳисса қўшишга Ўзбекистон доим тайёр эканини таъкидламоқчиман, -деди Президентимиз Ш.Мирзиёев ўз нутқида.

Озарбайжон матбуоти ушбу баёнотни икки қардош давлат ўртасидаги олий даражадаги стратегик шериклик ва самимий дўстликнинг ёрқин намунаси сифатида баҳоламоқда. Таҳлилчиларнинг қайд этишича, Ўзбекистон Қорабоғни қайта тиклаш жараёнида фаол иштирок этаётган давлатлардан биридир. Бунга мисол сифатида аввалроқ, Фузулий шаҳрида юртимиз томонидан қуриб берилган замонавий мактабни кўрсатиш мумкин.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг Боку саммитидаги иштироки ва билдирган ташаббуслари Янги Ўзбекистоннинг минтақавий барқарорлик, шаҳарсозликни ривожлантириш ва Озарбайжон билан кўп қиррали ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган интилишларини яққол намоён этди, дейиш мумкин.
Фардона Яхшибоева, ЎзА