Президентимиз жазо қўллайдиган ташкилотлар масъулларининг онги ва дунёқараши ўзгариши зарурлигини таъкидлади
Давлатимиз раҳбари одамлар бизнес бошлаб, экспортга чиқиши учун барча шароит яратилаётганини таъкидлади.
Ҳозир 51 та вазирлик ва идорада 322 та йўналишда молиявий жарима қўллаш ваколати бор. 2024-2026 йилларда қарийб 3 триллион сўмлик жарима қўлланилган.
Президентимиз жазо қўллайдиган ташкилотлар масъулларининг онги ва дунёқараши ўзгариши зарурлигини таъкидлади. Улар тадбиркорни жазолашдан олдин унга имконият бериш ва тўғри йўл кўрсатишни ўрганиши керак.
Ташқи бозорда рақобат кучаяётган шароитда ишлаб чиқарувчи ва экспортчилар учун тўлов ҳамда йиғимларни камайтириш масаласи ҳам кўтарилди.
Мисол сифатида бир фура гилосни экспорт қилишда божхона йиғими, фумигация, сертификат ва декларант хизмати учун 5 миллион сўмгача қўшимча харажат қилинаётгани айтилди.
Барча вазир ва тармоқ раҳбарларига бир ҳафтада тизимидаги бюрократия, жарима, тўлов ва йиғимларни кескин камайтириш, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича таклифларни Президент Администрациясига киритиш топширилди.
ЎзА