Президентимиз мухлислар ва футболсевар халқимизга миннатдорлик билдирди
Президент Шавкат Мирзиёев “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтаётган футбол бўйича миллий терма жамоамизни жаҳон чемпионатига кузатиш маросимида нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари барчани катта футбол байрами билан табриклади.
–Бугун ўзбек футболи учун яна бир тарихий кун. Катта ишонч ва эзгу тилаклар билан миллий терма жамоамизни АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатига кузатамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, бизга мана шундай унутилмас кунларни тақдим этган маҳоратли футболчиларимизга, уларни тарбиялаб, вояга етказган ота-оналарига, устоз ва мураббийларига, терма жамоамизнинг барча аъзоларига бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман.
Сизларнинг миллий жамоага бўлган меҳр ва садоқатингиз ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Иссиқни иссиқ, ёмғирни ёмғир демай, ғалаба онларида ҳам, қийин дамларда ҳам футболчилар билан бирга бўлиб, ҳақиқий ватанпарварлик намунасини кўрсатиб келяпсиз.
Бунинг учун стадионни тўлдириб ўтирган мухлисларга, сизлар орқали футболсевар халқимизга алоҳида раҳмат айтаман, – деди Президентимиз.
ЎзА