Президентимиз мулоқот якунида иқтисодиётни янги босқичга олиб чиқиш бўйича асосий мақсадларни белгилаб берди
– Биз 40 миллионли халқмиз. Одамларимиз ҳаётини янада яхшилаш учун юқори иқтисодий ўсишни сақлаб қолишимиз зарур, – деди давлатимиз раҳбари.
Жорий йил ялпи ички маҳсулотни 180 миллиард доллардан, экспортни 40 миллиард доллардан ошириш марраси олинган. Бунинг учун тадбиркорларга юқори даромадли иш ўринлари, қўшилган қиймат ва ташқи бозорларни кенгайтириш учун барча шароит яратиб борилади.
Тошкентда экспортга йўналтирилган бизнес, Андижон, Фарғона ва Наманганда тўлиқ занжирли тўқимачилик ва машинасозлик, Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда туризм, креатив индустрия ва агросаноат брендлари янги ўсиш нуқталари бўлиши кераклиги таъкидланди.
Навоий ва Тошкент вилоятида тоғ-кон, металлургия ва илмий кимё, Қашқадарё ва Сурхондарёда агросаноат ва нефть-газ кимёсида узун қўшилган қиймат занжирларини яратиш вазифаси қўйилди. Қорақалпоғистонда “яшил” энергетика, АТ ва сунъий интеллект иқтисодий драйверга айлантирилади.
Жиззах ва Сирдарёда автомобилсозлик, электротехника ва қурилиш материаллари бўйича рақобатбардош кластерлар ривожлантирилади.
– Ана шунда одамларимиз четга чиқиб ишлашига зарурат қолмайди, Янги Ўзбекистон тадбиркорлари янги ривожланиш босқичига чиқади. Ишончим комил, бунга кучимиз ҳам, имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етади, – деди давлатимиз раҳбари.
ЎзА