Президент танқидидан сўнг: музей фаолияти янги босқичда
Президентимиз раислигида жорий йил 26 апрел куни туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида туризмни ривожлантиришда юртимиздаги мавжуд музейлар салоҳиятидан тўлақонли фойдаланилмаётганлиги таъкидланиб, бу борада амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб берилди.
Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида ҳам мазкур топшириқлар асосида чора-тадбирлар белгилаб олинди. Музейлар – юртимиз тарихи, халқимизнинг асрлар оша яшаб келаётган қадриятларини ўзида мужассам этган осори-атиқалар, ноёб буюмлар билан ўзлигимизни англашга, ўтмишдан ибрат олиб яшашга ундайди. Шу боис ҳам кейинги йилларда музейлар инфратузилмасини яхшилаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, энг асосийси, ташриф буюрувчилар, айниқса, туристлар учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи ҳам кейинги йилларда капитал реконструкция қилиниб, атрофи ободонлаштирилди, инфратузилмаси тубдан янгиланди. Айни пайтда 110 мингдан зиёд экспонат сақланаётган музейнинг “Жомеъ меъморий обидаси", “Бобур уй-музейи”, “Чўлпон ёдгорлик музейи”, “Қалъа ёдгорлик мажмуаси” бўлимлари ҳамда Пахтаобод туманидаги “Ҳабибий ёдгорлик музейи” филиали фаолият кўрсатмоқда. “Жомеъ меъморий обидаси" бўлимида жойлашган адабиёт ва санъат галереясида тарихимизга оид 20 мингдан зиёд ҳужжат, қўлёзма ва турли даврларда чоп этилган китоблар, шунингдек, Андижон адабий муҳити ва халқ амалий санъатига оид ноёб асарлар, буюмлар ўрин олган.
ХIV асрга оид Бобур уй-музейи (Арк ичи) меъморий обидасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар даврига, “Қалъа” меъморий ёдгорлигида эса ХIХ аср ва ХХ аср бошларидаги Андижон тарихига, Абдулҳамид Чўлпон ҳамда Зокиржон Ҳабибий ёдгорлик музейларида ўзбек адабиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшган ижодкорлар ҳаёти ва фаолиятига оид экспонатлар сақланмоқда.
Андижон вилоятида туризмни ривожлантириш, янги туризм зоналари ҳамда туристик йўналишларни ташкил этиш орқали ҳудудга келаётган хорижий туристлар сонини 15 минг нафарга, маҳаллий сайёҳлар сонини эса 400 минг нафарга етказиш кўзда тутилган. Ана шундан келиб чиқиб, музейда сайёҳ ва туристларни қабул қилиш учун зарур шароитлар яратилди. Жумладан, музейдаги ҳар бир экспонат ёритиш чироғи билан таъминланди. Хорижий сайёҳлар учун сувенирлар сотиладиган дўкон ташкил этилди. Интернетдан эркин фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида музей ҳудудида Wi-Fi интернет зонаси яратилди. Бу каби қулайликлар музейга ташриф буюрувчилар оқими ортишига хизмат қилмоқда. Биргина жорий йилнинг январ-апрел ойларида Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи экспонатлари билан нафақат юртимиз, балки Япония, Жанубий Корея, Филиппин, Афғонистон, Франция, Ҳиндистон, Покистон, Қирғизистон, Австрия, Мексика, Россия каби мамлакатлардан келган меҳмонлар ҳам яқиндан танишди. Бир сўз билан айтганда, Андижонда туризмни ривожлантириш борасида музейлар имконияти ва салоҳиятидан янада кенг фойдаланиш, музейлар, хусусан, Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи фаолиятини янада юқори босқичга кўтариш бўйича зарур барча ишлар олиб борилмоқда.
[gallery-7143]
Ихтиёрбек Расулов,
Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи директори.
ЎзА