"Президент совғаси" Самарқандга келди
Янги йил байрами муносабати билан болажонларга давлатимиз раҳбарининг совғаларини тақдим этиш анъанага айланган. Бу йилги байрам совғалари шу кунларда жойларга етказилмоқда.
Самарқандлик болажонларга аталган совғалар Самарқанд халқаро аэропортида Қорбобо ва Қорқиз ҳамроҳлигида вилоят ҳокимлиги масъуллари ва жамоатчилик вакиллари томонидан кутиб олинди.
Мазкур совғалар вилоятдаги 872 нафар оилавий болалар уйлари, SOS-болалар маҳалласи тарбияланувчилари, боқувчисини йўқотган чин етим болалар, шунингдек, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фарзандларига берилади.
Совғалар вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида бўлиб ўтадиган "Президент арчаси" байрам тадбирларида болажонларга топширилади.
“Президент совғаси” таркибига Ўзбекистон Президентининг болаларга йўлланган Янги йил байрами табриги, 17 турдаги ширинликлар, 2 турдаги ўқув қуроллари, смарт соат, дартс магнит тахтаси ва 12 ёшдан катталар учун планшет киритилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари