Президент совғаси: энди уларнинг ҳам ўз уйи бор
Фарғона вилоятида 7 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларга давлатимиз раҳбари совғаси – квартиралар калитлари топширилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Юртимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ, эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилмоқда. 6 нафар марғилонлик ҳамда 1 нафар бувайдалик ёшлар ҳам ушбу амалий ғамхўрлик натижасида ўз уйларига эга бўлди.

Руҳшона Маҳмуджонова, Оятилло Юсуфжонов, Маҳмуджон Муродилов, Алина Сачнёва, Гулшода Пирматова, Хайринисо Ҳошимова ва бувайдалик Алимардон Абдужалиловлар давлатимиз раҳбари томонидан ажратилган маблағ ҳисобига харид қилинган ва ўз номларига расмийлаштирилган 1 хонали квартиралар калитларини вилоят ҳокимидан қабул қилиб олди.

Янги хонадон эгаларининг қувончлари бир олам, улар берилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга миннатдорлик изҳор қилди. Ҳозирда Руҳшона ва Оятилло ўқув курсларида касбга ўқитилмоқда. Алина ва Гулшода касб-ҳунар мактабларида таҳсил олмоқда. Маҳмуджон шаҳардаги гилам ювиш корхонасида иш бошқарувчи бўлиб ишлайди. Хайринисо 2 ёшли фарзанди тарбияси билан банд. Алимардон эса оилали, бир нафар фарзанди бор, устачилик билан шуғулланади.


Ўтган йили вилоят бўйлаб 18 ёшга тўлган 29 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларга кўп квартирали уй-жойлардан квартира тақдим этилган бўлса, бу йил 17 нафар йигит-қиз таъмирланган ҳамда тўла жиҳозланган уй-жойлар эгасига айланмоқда.
М.Сулаймонов,
ЎзА