“Президент совғаси” – болажонлар қувончи
Ҳар йили мамлакатимизда Янги йил байрами олдидан Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган болалар, ота-онаси Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун “Президент арчаси” тадбири ўтказиш анъана тусини олган.
2021 йилги “Президент арчаси” тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 октябрдаги тегишли мажлис баёнига асосан, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган болалар, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун 9070 дона “Президент совғаси” тайёрланди.
“Президент совғаси” таркибига 16 турдаги ширинлик, 2 турдаги ўқув қуроллари, болалар энциклопедияси ҳамда 3 турдаги жиҳозлар киритилган.
Шунингдек, жорий йилда Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари, Оилавий болалар уйлари ҳамда SOS болалар маҳаллаларининг 12 ёшдан катта бўлган 980 нафар тарбияланувчиси учун замонавий планшет ҳам совғалар таркибига киритилди.
[gallery-5245]
“Президент совғаси” республикамиз ҳудудларига “Uzbekistan Airways” АЖ самолётларида, Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилоятларига эса давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг кузатуви остидаги автотранспорт воситаси орқали етказилади.
Шу билан бирга, болажонларнинг Янги йил байрамида муносиб дам олиши учун “Томоша” болалар театр-студияси томонидан “Йўлбарс афсонаси” номли театр томошаси саҳналаштирилган бўлиб, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг телеканаллари томонидан байрам кунлари ташкил этиладиган Янги йил телекўрсатувлари доирасида намойиш этилади.
Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган болалар, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган 3-15 ёшдаги болалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан совғалар ҳудудий ҳокимликлар иштирокида жорий йилнинг 29-30 декабрь кунлари тантанали топширилади.
Камола Юсупова,
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА