Президент сайловига пухта тайёргарлик кўрилмоқда
Тошкент вилояти Пискент туманида бўлажак сайловни сиёсий-ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан юқори савияда ўтказиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.
Фуқароларнинг сайлов орқали давлат бошқарувида ўзининг овози, сиёсий иродаси билан бевосита иштирок этишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи Тошкент вилояти 10-округ сайлов комиссиясининг қарорига мувофиқ Пискент туманида 31 та сайлов участкаси ташкил этилди.
Ўтган вақт давомида участка сайлов комиссиялари аъзоларининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида туманда ўқув-семинарлар ташкил этилди. Хусусан, 5-умумтаълим мактабида жойлашган 527-сайлов участкасида жараён иштирокчилари учун 10 кунлик навбатдаги семинар машғулотлари ўтказилди. Унда Техника университети катта ўқитувчиси У.Тоштемиров участка сайлов комиссиялари аъзоларини сиёсий саводхонлигини ошириш, компьютер технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш бўйича машғулотлар олиб борди.

– Ушбу сайлов участкаларида жами 61 минг 628 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг ўз сиёсий иродасини намоён қилиб, сайловда иштирок этишига имконият яратилган, – дейди Пискент тумани ҳокимининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Улуғбек Хонхўжаев. – Участка сайлов комиссияларининг 403 нафар аъзоси сайлов қонунчилиги ва сайловда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билимлари ҳамда амалий кўникмаларини оширишга қаратилган ўқув-амалий машғулотлари ташкил этилиб, малакаси оширилди. Сайлов участкаларининг жараёнга тайёргарлиги, моддий техник жиҳатлари назоратга олинган. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилган.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг Президент сайловини ўтказишда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича махсус йўриқномаси тасдиқланган. Унга кўра, ҳароратни ўлчаш учун термометр, пирометр, ҳимоя ниқоби, бир марталик тиббий қўлқоп (сайлов комиссияси аъзолари учун), антисептик суюқлик (санитайзер) каби ҳимоя ва профилактика воситаларидан фойдаланишлари талаб этилади. Участка сайлов комиссиялари аъзолари иш фаолиятини амалга оширишида шахсий ҳимоя воситалари (ҳимоя ниқоби, антисептик воситалар)дан фойдаланиши таъминланади. Сайлов куни овоз бериш бошланишидан камида 6 соат олдин барча участка сайлов комиссияларининг овоз бериш бинолари ва хоналари дезинфекция қилинади.

Сайловда иштирок этиш ҳар бир фуқаронинг конституцион ҳуқуқидир. Давлат ҳокимиятини очиқ ва ошкора, муқобиллик асосида ўтадиган бу каби сиёсий тадбирлар орқали шакллантириш эса демократиянинг олий кўринишидир.
А.Мусаев, ЎзА