Президент қарори ижроси амалда
Таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ўқувчи ёшларнинг сифатли таълим олишига хизмат қилмоқда. Ҳудудларда янгидан қурилаётган замонавий мактаб ва боғчалар бунинг яққол исботидир. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги “2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур қарор ижроси доирасида Қашқадарё вилоятида ҳам кўплаб ижтимоий соҳа объектлари янгидан қурилмоқда, керакли жиҳозлар билан таъминланмоқда. Жумладан, қарор ижроси бўйича Шаҳрисабз шаҳри, 4-сектор ҳудудида жойлашган Катта новқат маҳалласидаги 16-умумий ўрта таълим мактабининг 720 ўринли қўшимча биноси қуриб фойдаланишга топширилди.

Муассасада бугунги кунда 1 минг 281 нафар ўқувчи таълим-тарбия оларди. Ўқувчилар сонининг кўплиги сабабли юқори коэффициентда фаолият юритаётган эди. Қўшимча ўқув биносининг қуриб берилгани ўқувчилар учун айни муддао бўлди. 4 қаватли, тендер қиймати 5 миллиард 526 миллион сўмни ташкил этган ушбу таълим маскани барча замонавий қулайликларга эга.

Объектнинг тантанали очилишида фахрий педагоглар, маҳалла нуронийлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири