Президент қарори: алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун янги тизим
Ҳар бир бола сифатли таълим олиш ҳуқуқига эга. Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун ўз вақтида кўрсатилган таълим ва ижтимоий хизматлар уларнинг келажагини белгилаб беради.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 августдаги “Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни таълим, ижтимоий ёрдам ва хизматларга жалб қилиш бўйича “оилабай” ишлаш тизими йўлга қўйилади.
Янги тартибга кўра, ижтимоий ходимлар ота-оналарга болани таълим ва ижтимоий хизматларга жалб этишда амалий кўмак кўрсатади, шунингдек, боланинг мазкур хизматлардан фойдаланиши доимий мониторинг қилиниб, заруратга қараб қўшимча ижтимоий ёрдам ва хизматларга йўналтирилади.
Шунингдек, 3–18 ёшдаги болаларнинг алоҳида таълимга эҳтиёжи “Инсон” марказлари ҳузуридаги Болани комплекс баҳолаш гуруҳлари томонидан замонавий психологик-педагогик ва функционал баҳолаш мезонлари асосида аниқланади. Баҳолаш гуруҳи томонидан 3–18 ёшдаги боланинг таълимга эҳтиёжини баҳолаш психологик-педагогик диагностик мезонлар асосида, функционал имконияти, кундалик ҳаётдаги фаоллиги ва иштирокини баҳолаш эса ногиронликни баҳолаш шкаласининг маҳаллий шарт-шароитларга мослаштирилган мезонлари асосида амалга оширилади. Мазкур тизим дастлаб 2026 йил 1 октябрдан Навоий ва Хоразм вилоятларида синов тариқасида йўлга қўйилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА