“Президент Олимпиадаси”га тайёргарлик масалалари таҳлил қилинди
Спорт вазирлигида “Президент Олимпиадаси” мусобақасининг республика финал босқичи мусобақаларини юқори савияда ташкил этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерацияларнинг раҳбарлари ҳамда ҳудудий спорт бошқармалари вакиллари, мутахассислар иштирок этган йиғилишда “Президент Олимпиадаси” мусобақаси кўлами жорий йилда янада кенгайиб, спорт турлари сони 11 тадан 21 тага етгани таъкидланди.

Ушбу мусобақалар орқали саралаб олинадиган иқтидорли ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, келгусида нуфузли халқаро мусобақаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш муҳимлиги қайд этилди.
Муҳокамалар жараёнида “Президент Паралимпиадаси” мусобақасини ҳам ўтказишга тайёргарлик ишлари ҳам таҳлил қилинди.

Видеоселектор давомида ушбу мусобақаларнинг республика босқичини юқори савияда ташкил этиш, иштирокчилар учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда ташкилий жараёнларни ўз вақтида амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш юзасидан масъулларга зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА