"Президент Олимпиадаси" финалига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди
Спорт вазирлигида “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақаларининг ҳудудий босқичлари якунлари ҳамда финал босқичига тайёргарлик масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда мусобақаларнинг 2-босқичи якунлари, эришилган натижалар ҳамда маълумотларни ERP платформасига тўлиқ ва сифатли киритиш ҳолати таҳлил қилинди. Ҳар бир масала юзасидан йиғилишда офлайн ва онлайн тарзда иштирок этган масъулларнинг ҳисоботлари тингланди. Шунингдек, ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд масалалар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, “Президент Олимпиадаси”нинг 3-босқич финал мусобақалари учун жамоаларни шакллантириш, спортчиларни саралаш ва уларнинг тайёргарлик жараёнларини самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш якунида спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов томонидан мусобақаларнинг финал босқичига пухта тайёргарлик кўриш, ташкилий ишларни белгиланган муддатларда якунлаш ҳамда спортчиларнинг муносиб иштирокини таъминлаш юзасидан масъулларга топшириқ ва тавсиялар берилди.
Т. Рўзиев,
ЎзА