Президент мактабининг 23 нафар битирувчиси катта ҳаёт сари кузатилди
Қарши шаҳрида жойлашган Президент мактабида “Сўнгги қўнғироқ” тадбири бўлиб ўтди. Унда ўқитувчилар, ота-оналар, фахрийлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, жорий ўқув йили мактаб жамоаси учун муҳим ютуқларга бой бўлди. Хусусан, таълим муассасаси 2026 йил 27 январь куни халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтиб, “Халқаро мактаб” мақомини олди. Шунингдек, мактаб “Замин” халқаро жамоат фонди ҳамда Атроф-муҳит бўйича таълим жамғармаси (FEE) томонидан бериладиган нуфузли “Яшил байроқ” (Green Flag) мақомига сазовор бўлди.
Бу йил мактабни 23 нафар битирувчи, жумладан, 6 нафар қиз ва 17 нафар ўғил бола тамомлади. Битирувчиларнинг барчаси халқаро SAT ва IELTS сертификатларига эга бўлди.
[gallery-30020]
Ўқувчилар орасида SAT имтиҳонида 1550 балл тўплаб, мактаб рекордини янгилаган Миржалол Жўраев алоҳида эътироф этилди. IELTS халқаро имтиҳонида эса Шоҳруҳмирзо Худойқулов ва Хушрўй Рўзиева 8 баллик натижа қайд этди. Битирувчиларнинг IELTS бўйича ўртача кўрсаткичи 7 баллни ташкил қилди.
Тадбирда қайд этилганидек, мактаб битирувчилари дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларига қабул қилинган. Жумладан, Шоҳруҳмирзо Худойқулов Канаданинг Торонто университетига 250 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўлиқ грант асосида қабул қилинган бўлса, Асилбек Сатторов Гонконг Политехника университетининг 130 минг долларлик гранти ва йиллик стипендияси соҳиби бўлди.
Мактаб ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида ҳам муносиб натижаларни қайд этмоқда. Хусусан, Халқаро иқтисодиёт олимпиадасида (IAO) кумуш медални қўлга киритган Аслиддин Бойназаровнинг ютуғи алоҳида қайд этилди. Шунингдек, ўқувчилар халқаро таълим ва маданий дастурларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Қуйи синф ўқувчилари ҳам юқори натижаларга эришмоқда. Жумладан, 6-синф ўқувчиси Бобур Абдумажитов Австралиянинг Сидней шаҳрида ўтказилган халқаро математика ва инглиз тили олимпиадаларида биринчи ўринни эгаллади. Мактабнинг театр жамоаси эса Республика миқёсида ўтказилган “Театр – ибратхонадир” кўрик-танловида ғолиб бўлди.
Тадбир якунида битирувчиларга эзгу тилаклар билдирилиб, уларнинг келгусида мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирилди. Муҳим билим ва кўникмалар билан қуролланган ёшлар катта ҳаёт сари кузатилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари