Президент мактабига кириш имтиҳонларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди
Навоий шаҳридаги “Кимёгар” спорт мажмуасида Президент мактабига кириш имтиҳонларининг иккинчи босқичи доирасида тест синовлари бўлиб ўтди.
Унда биринчи босқич синовидан муваффақиятли ўтган 480 нафар ўқувчи иштирок этди.
– Мажмуада имтиҳонинг шаффоф ва адолатли ўтиши учун пухта тайёргарлик кўрилган, – дейди Навоий шаҳридаги Президент мактаби директори Жўрабек Аслонов. – Ўқувчилар тўлиқ Face ID текширувидан ўтказилиб, тест жараёнларига киритилди. Тест ҳужжатлари имтиҳон бошланиш жараёнидан олдинроқ махсус қопларда келтирилиб, холислар иштирокида очилган ҳолда гуруҳлар учун бириктирилган масъуллар томонидан ўқувчиларга тарқатилди. Ўқувчиларга математика фанидан танқидий фикрлаш ва муаммони ечиш бўйича 40 та топшириқни бажаришга 90 дақиқа, инглиз тили фанидан грамматика ва матн билан ишлаш бўйича 40 та топшириқни бажаришга 40 дақиқа берилди.

Президент мактабларига кириш имтиҳонларининг иккинчи босқич натижаларига кўра, 480 нафар ўқувчининг фақатгина 24 нафари Президент мактабига қабул қилинади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири