Президент мактабига кириш имтиҳонлари давом этмоқда
Бугун Президент мактабига кириш имтиҳонларининг иккинчи босқичи доирасида ўтказилаётган тест синовларининг 2-куни.
Бу жараён Навоий вилоятида ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилган.
Навоий шаҳридаги “Кимёгар” ўйингоҳида ташкил этилган имтиҳонларда биринчи босқич синовидан муваффақиятли ўтган 2 минг 880 нафар ўқувчи иштирок этмоқда. Ўқувчилар биринчи босқичда математика фанидан тест топширган бўлса, иккинчи босқичда инглиз тили ва танқидий фикрлаш ва мантиқий билимларини синовдан ўтказади.

- Имтиҳон топширувчилар FaceID тизимидан ўтказилиб, синовда белгиланган тартиблар асосида қатнашмоқда, - дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги бўлим бошлиғи Эъзоза Каримова.

- Тест жараёнида тиббий ва бошқа хавфсизлик чоралари кўрилиб, карантин қоидаларига амал қилинмоқда. Ўқувчилар дезинфекция йўлагидан ўтказилиб, тиббий ниқоб ва бош кийими билан таъминланмоқда. Тест жараёнининг адолатли ва шаффоф ўтишини таъмилаш учун тест ўтказилаётган ҳудудларга тўла камера кузатуви ўрнатилган. Ота-оналар – test2021.uz сайти орқали имтиҳон жараёнларини онлайн кузатиб боришлари мумкин.

Дастлабки маълумотларга кўра, тест жараёнларининг биринчи кунида 1-сменада иштирок этиши режалаштирилган 960 нафар ўқувчидан 11 нафари, 2-сменада эса 53 нафардан 36 нафар ўқувчи иштирок этмади. Бугун тест жараёнлари якунланади.
Жорий йилда вилоятдаги Президент мактабига 5-10-синфлар учун ҳар бир синфга 24 нафардан жами 144 нафар ўқувчи қабул қилинади.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА