Президент мактабида халқаро Digital SAT имтиҳони ўтказилди
Тошкент шаҳридаги Президент мактабида ўқувчиларнинг академик тайёргарлигини халқаро мезонлар асосида баҳолаш имконини берувчи навбатдаги Digital SAT имтиҳони ўтказилди.
Мазкур халқаро имтиҳон рақамли форматда ташкил этилиб, унда иштирок этувчиларнинг математика ҳамда ўқиш ва ёзиш бўйича билим ва кўникмалари баҳоланади.
SAT — ўқувчиларнинг академик салоҳиятини баҳолашга қаратилган халқаро стандартлаштирилган тест бўлиб, унинг натижалари 400 баллдан 1600 баллгача бўлган шкала асосида белгиланади. Имтиҳон 1926 йилдан буён ўтказиб келинади.
Бугунги кунда SAT натижалари дунёдаги кўплаб нуфузли олий таълим муассасалари томонидан тан олинади. Шу боис мазкур имтиҳон натижаси хорижий университетларга ўқишга ҳужжат топширишни режалаштираётган ўқувчилар учун муҳим кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Хусусан, юқори SAT натижаси абитуриентнинг академик тайёргарлигини намоён этиш билан бирга, айрим университетларнинг қабул жараёнларида ва грант ҳамда стипендия дастурларига номзодларни саралашда қўшимча имконият яратиши мумкин.
Digital SAT формати эса имтиҳон жараёнини замонавий рақамли технологиялар асосида ташкил этиш имконини беради. Бу ўқувчиларга халқаро стандартларга мос шароитда ўз билим ва салоҳиятини синаб кўриш имконини яратади.
Президент мактабларида халқаро баҳолаш тизимларига тайёргарлик ва ўқувчиларнинг хорижий олий таълим муассасаларига кириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ишлар таълим жараёнининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Навбатдаги Digital SAT имтиҳонининг Тошкент шаҳридаги Президент мактабида ўтказилгани ҳам ўқувчиларнинг халқаро таълим майдонида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилувчи амалий қадамлардан биридир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА