Президент: Маданият ва санъат ҳам халқларни бир-бирига яқинлаштирадиган кўприк
Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашуви бўлиб ўтмоқда.
Яқин йилларда маданият ва санъатда қўшилган қийматни кўпайтириш орқали креатив иқтисодиётни 145 триллион сўмга етказиш режа қилинган.
Шу мақсадда соҳанинг ҳуқуқий асоси яратилди, Креатив индустрия парки резидентларига алоҳида солиқ режими жорий этилди. Шайхонтоҳур тумани ва Нукус шаҳрида йирик креатив парклар қурилиши бошланди. Тошкент шаҳрида сентябрда ишга тушириладиган Замонавий санъат маркази ҳам ёшларимиз учун ижод майдони бўлиб хизмат қилади.
Миллий маҳсулотларимизда замонавий дизайн элементларини кўпайтириш учун ҳунармандларни тез-тез халқаро кўргазмаларга олиб бориш кераклиги таъкидланди. Нуфузли дизайнерлар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича дастур қилиниб, Европа, АҚШ, Жанубий ва Шарқий Осиё, Яқин Шарқ мамлакатларида бундай кўргазмалар кўпайтирилади.
— Бугун Ўзбекистон барча соҳада дунёга чиқяпти, дунё бизга келяпти. Маданият ва санъат ҳам халқларни бир-бирига яқинлаштирадиган кўприк, – деди Президентимиз.
Мисол учун, Наманганда 24 май куни бошланган Гуллар фестивалига ҳозиргача 1,5 миллион нафар сайёҳ ташриф буюрди, ушбу тадбир “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилди.
Мутасаддиларга ҳар бир ҳудудда мана шундай нуфузли тадбирларни йил давомида ташкил қилиш бўйича дастур ишлаб чиқиб, амалий ишларни бошлаш топширилди.
ЎзА