Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлисда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, фаолиятини ташкил этиш тартиби ҳамда ваколатларини белгилаб берувчи “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
– Янги таҳрирдаги Конституциямизда давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти асослари алоҳида бобларда батафсил баён этилган, – деди қўмита раиси Жаҳонгир Ширинов. – Конституциямизнинг XIX боби Ўзбекистон Республикасининг Президентига бағишланган бўлиб, унда Президент давлат бошлиғи мақомида давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлаши, шунингдек, унинг мамлакат бошқаруви ва тараққиётини таъминлашдаги ўта муҳим ваколатлари мустаҳкамланган. Конституцияда белгиланган Президент ваколатлари ниҳоятда кенг қамровли бўлиб, уларнинг самарали амалга оширилишини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий таъминлаш Президент Администрацияси зиммасига юклатилган.
Хусусан, Асосий Қонунимизнинг 109-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ваколатларини амалга оширишни ташкилий, ҳуқуқий, таҳлилий жиҳатдан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини шакллантиради ҳамда унинг Раҳбарини тайинлайди. Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, фаолиятини ташкил этиш тартиби ва ваколатлари қонун билан белгиланиши назарда тутилган.
Конституциямиз талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси Президент Администрациясининг давлат бошқаруви тизимидаги ўрни, ҳуқуқий мақоми ва фаолиятининг асосий йўналишларини конституциявий қонун даражасида белгилашга қаратилган.
Лойиҳада Администрация Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шакллантирилиши, шунингдек, Администрацияга Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Администрация Раҳбари бошчилик қилиши белгиланмоқда.
Администрациянинг мақоми, фаолиятининг асосий принциплари, таркибий тузилиши ва фаолиятини ташкил этиш тартиби, унинг давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлари билан ўзаро алоқалари, Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари фаолиятининг кафолатлари аниқ белгилаб берилмоқда, – деди Ж.Ширинов.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан Администрациянинг давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари билан алоқалари очиб берилган.
Қонун лойиҳасини тайёрлашда халқаро ва хориж тажрибаси ўрганиб чиқилган. Хусусан, АҚШ, Финляндия, Чехия, Словакия, Руминия, Латвия, Тайван, Қозоғистон, Туркманистонда Президент администрацияси (канцелярияси, офиси)нинг ҳуқуқий мақоми алоҳида қонунларда белгиланган.
Мазкур конституциявий қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Президент фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда бошқарув жараёнларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳокамаларда бир қатор саволлар ўртага ташланиб, тегишли жавоблар қайтарилди. Хусусан, Администрация ташкилотларнинг комплаенс ва коррупцияга қарши курашишда механизмлари қандай бўлиши масаласи кўтарилди. Бунга жавобан алоҳида моддада Администрациянинг комплаенс ва коррупцияга қарши курашиш фаолияти белгилаб берилгани, Администрацияда бу борада алоҳида тузилма фаолият кўрсатиши айтиб ўтилди.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА