Пресс-тур: Малайзиянинг замонавий ва тарихий қиёфаси (+видео)
Малайзия Осиё қитъасидаги фусункор давлатлардан бири ҳисобланади. Йилнинг ўн икки ойи яшилликка бурканган, чарақлаб чиққан қуёши ва тез-тез ёғиб турадиган ёмғири билан сайёҳларни ҳайратга солади. Замонавий иншоотлари, осмонўпар бинолари бу юрт аҳолисининг иқтисодий имкониятлари, бунёдкорлик салоҳияти ва жозибадорлигини яққол намоён этади. Айниқса, ўзига хос табиати, турли-туман мевалари, денгиз маҳсулотлари билан ажралиб туради. Миллий таомлари ҳам ўзига хос ва ранг-баранг.
Жорий йилнинг 2-9 март кунлари ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар учун ушбу мамлакатга пресс-тур ташкил этилди. Тадбир доирасида иштирокчилар Кота-Кинабалу, Куала-Лумпур, Путражая ва Малакка шаҳарлари ҳаёти билан яқиндан танишди.
Куала-Лумпур таассуротлари
Куала-Лумпур Малайзиянинг пойтахти ва мамлакатнинг энг йирик шаҳарларидан бири ҳисобланади. У иқтисодий, молиявий ва маданий марказ сифатида танилган. Шаҳар замонавий осмонўпар бинолари, йирик савдо марказлари ҳамда тарихий масканлари билан машҳур. Айниқса, дунёга машҳур “Petronas Twin Towers” (Петронас эгизак миноралари) Куала-Лумпурнинг асосий рамзларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда шаҳар Жануби-Шарқий Осиёдаги муҳим туризм, бизнес ва транспорт марказларидан бири бўлиб, турли миллат ва маданият вакиллари яшайдиган космополит ҳудуд сифатида эътироф этилган.
Малайзия Туризм, санъат ва маданият вазирлиги ҳузуридаги Туризм агентлиги халқаро тарғибот бўлими катта ёрдамчи директори Надиа Закариаҳнинг таъкидлашича, Куала-Лумпур, Лангкави ва Малакка шаҳарлари Марказий Осиёдан келувчи сайёҳлар учун энг жозибадор манзиллар саналади.
–Шу билан бирга, Шарқий Малайзиядаги Паханг, Тренгану ва Келантан каби ҳудудлар, шунингдек, Саравак ва Борнео ороли ҳам туризмни ривожлантириш учун катта имкониятларга эга. Пулау-Пинанг ороли ҳам сайёҳлар учун машҳур масканлардан бири бўлиб, у ерда дам олиш ва маҳаллий таомлардан баҳраманд бўлиш имконияти мавжуд. Бу ҳудудда асосан хитой таомлари кенг тарқалган бўлса-да, маҳаллий ва ҳалол таомлар ҳам таклиф этилади. Ўзбек таомларини таклиф этувчи бир қатор ресторанлар ҳам фаолият юритади.
Малайзияда тиббиёт туризми ҳам ривожланган соҳалардан бири ҳисобланади. Марказий Осиёдан келувчи беморлар асосан тиббий текширувлар учун ташриф буюради. Мамлакатда тиббий хизматлар сифати юқори ва нархлар нисбатан мақбул бўлиб, бу хорижий фуқаролар учун қулайлик яратади. Шунингдек, Малайзия Марказий Осиё учун тил ва таълим хабларидан бири сифатида ҳам аҳамиятга эга. Бу ерда инглиз тили, айниқса, британча услубда ўқитиладиган кўплаб таълим марказлари мавжуд. Талабалар турар жой ва ўқитувчилар билан таъминланиб, шу ернинг ўзида яшаб таҳсил олиш имконига эга бўлади, – дея таъкидлади у.
Пресс-тур иштирокчилари Куала-Лумпурдаги “Petronas Twin Towers”, Куала-Лумпур телеминораси, Рояль-Селангор галереяси каби диққатга сазовор масканларга ҳам ташриф буюрди. Мутахассислар маълумотига кўра, “Menara Kuala Lumpur” (Куала-Лумпур телеминораси) мамлакатнинг энг машҳур муҳандислик иншоотларидан биридир. 1996 йилда фойдаланишга топширилган мазкур минора асосан телерадио сигналларини узатиш мақсадида қурилган.
Иншоотнинг умумий баландлиги 421 метрни ташкил этади. Унинг 276 метр баландлигида жаҳоннинг турли миноралари макетлари намойиш этилган бўлиб, улар орасида Тошкент телеминораси макети ҳам мавжуд.
Шунингдек, минорада кузатув майдончаси ва айланувчи ресторан жойлашган бўлиб, ташриф буюрувчилар учун шаҳар манзарасини 360 даражада томоша қилиш имконияти яратилган.
Эътиборли жиҳати, бугунги кунда “Menara Kuala Lumpur” нафақат алоқа инфратузилмасининг муҳим қисми, балки Малайзиянинг йирик сайёҳлик объектларидан бири сифатида ҳам катта аҳамият касб этмоқда.
Куала-Лумпурда ўзбек ишбилармони билан мулоқот
Куала-Лумпур шаҳрига уюштирилган саёҳат давомида журналистлар учун ўзбекистонлик ишбилармонлар билан учрашув ва мулоқот ташкил этилди.
“Ўзбегим” ресторани раҳбари Ғиёс Юсуповнинг таъкидлашича, Куала-Лумпурда фаолият юритишдан асосий мақсад халқимиз урф-одатлари ва миллий таомларимизни халқаро майдонда кенг тарғиб қилишдан иборат. Унинг сўзларига кўра, айнан шу орзу ва катта режалар уни Малайзияга олиб келган.
– 2022 йилдан буён “Ўзбегим” ресторанини юритиб келяпмиз. Шу сабабли, бинода Ўзбекистон ҳаёти ва миллий қадриятлари ҳар томонлама акс эттирилган. Бинонинг юқори қисмида давлатимиз байроғи ҳилпираб туради. Бу эса бизга доимий ғурур ва ифтихор бағишлайди. Ҳозирги кунда 20 нафарга яқин ўзбек, тожик ва туркман миллатига мансуб ҳамюртимиз икки сменада фаолият юритмоқда. Улар учун барча зарур шароитлар яратилган. Эътиборли жиҳати шундаки, ходимларимиз бир неча тилни яхши билади. Бу эса Марказий Осиё, Малайзия, Сингапур, Индонезия, Таиланд, МДҲ ва Европа давлатларидан келган мижозлар билан эркин мулоқот қилиш имконини беради. Ўзим ҳам тўртта тилда бемалол суҳбатлаша оламан.
Албатта, ҳар қандай ишнинг ўз қийинчиликлари бўлади. Айниқса, иқлим шароитига мослашиш осон кечмайди. Шунга қарамай, бу ерда миллий таомларимизни тўлиқ намойиш этишга эришдик ва улар хорижликлар томонидан илиқ қабул қилинмоқда. Келгусида Индонезия ва Сингапурда ҳам ўз имкониятларимизни синаб кўришни режалаштиряпмиз, – деди Ғиёс Юсупов.
Бундай ташаббуслар туризм соҳасини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Чунки хорижда фаолият олиб бораётган ўзбек ишбилармонлари орқали миллий таомларимиз, урф-одатларимиз ва маданиятимиз кенг тарғиб этилмоқда. Бу эса, ўз навбатида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни ошириб, мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Кота-Кинабалу ёхуд "Mari Mari Cultural Village" ажойиботлари
Кота-Кинабалу Сабаҳ штати пойтахти бўлиб, Малайзиянинг Борнео ороли ҳудудида жойлашган муҳим шаҳарлардан бири ҳисобланади. У тропик иқлими, мусаффо ҳавоси ва осойишта ҳаёт тарзи билан ажралиб туради. Йил давомида ўртача ҳарорат 25-32 даража атрофида бўлиб, бу ерда табиат ва замонавий шаҳарсозлик уйғун ҳолда ривожланган.
Шаҳарнинг энг машҳур табиий рамзларидан бири Кинабалу тоғи ҳисобланади. Баландлиги 4095 метр бўлган ушбу тоғ ЮНЕСКО мероси рўйхатига киритилган миллий боғ ҳудудида жойлашган бўлиб, альпинизм ва экотуризм ихлосмандлари учун жозибали манзил саналади.
Кота-Кинабалу яқинида жойлашган Тунку Абдул Раҳман миллий парки ҳам сайёҳлар эътиборини тортувчи муҳим ҳудудлардан бири ҳисобланади. Шаҳар марказидан 3-8 километр масофада жойлашган бешта оролдан иборат ушбу парк Малайзиянинг биринчи бош вазири номи билан аталган. Ороллар табиий гўзаллиги, тоза пляжлари ва ранг-баранг денгиз ҳаёти билан машҳур. Бу ерда снуклинг, дайвинг ва бошқа сув спорти турлари кенг тарқалган бўлиб, экотуризм учун барча шароитлар яратилган. Шу билан бирга, парк ҳудудида ўсимликлар, ҳайвонот дунёси ва денгиз экотизимлари муҳофаза қилинади.
Иқтисодиёт нуқтаи назаридан Кота-Кинабалу туризм, хизмат кўрсатиш, балиқчилик ҳамда нефть-газ саноатига таянади. Шу боис, шаҳар нафақат сайёҳлик, балки ишлаш ва таълим олиш учун ҳам қулай муҳитга эга.
Ҳудуднинг яна бир ўзига хос жиҳати - этник ва маданий хилма-хилликдир. Бу ерда 30 дан ортиқ маҳаллий этник гуруҳлар истиқомат қилиб, 150 дан зиёд лаҳжаларда сўзлашилади. Ана шу ранг-барангликни яқиндан ҳис этиш имконини Кота-Кинабалу яқинида жойлашган “Mari Mari Cultural Village” маданий қишлоғи беради.
1996 йилда ташкил этилган ушбу маскан Борнео оролида яшовчи маҳаллий халқларнинг турмуш тарзи, урф-одатлари ва анъаналарини намойиш этувчи очиқ осмон остидаги музей сифатида фаолият юритади.
Экскурсия давомида сайёҳлар бамбук ёрдамида олов ёқиш, қадимий ов усуллари, миллий таомлар тайёрлаш жараёнлари билан танишиши мумкин. Шунингдек, меҳмонларга миллий рақслар ва маданий чиқишлар намойиш этилади.
Сабаҳ туризм, маданият ва атроф-муҳит вазирлиги ҳузуридаги Туризм кенгаши маркетинг менежери Заринаҳ Амилудиннинг маълум қилишича, Сабаҳ ўзининг бетакрор табиати, ороллари ва миллий анъаналари билан Малайзиянинг бошқа ҳудудларидан алоҳида ажралиб туради.
– 2025 йилда штатга 3,7 миллион нафар маҳаллий ва хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бироқ Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистондан келувчилар улуши ҳозирча паст бўлиб, ўтган йилда бу кўрсаткич 300 нафар атрофида бўлган. Айни пайтда Марказий Осиё бозорини ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини ошириш бўйича изланишлар олиб борилмоқда. Хусусан, минтақа сайёҳлари учун мос туристик йўналишлар, ороллар, меҳмонхоналар ва миллий таомлар бўйича таклифлар ўрганилмоқда. Бу борада Малайзия туризм ташкилотлари ва туроператорлар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Туристик объектлар кечгача фаолият юритади, махсус маслаҳат хизматлари, чат-бот ва QR-кодлар орқали энг яқин тиббиёт муассасаси ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳақида тезкор маълумот олиш мумкин, – деди у.
Малакка – тарих ва цивилизациялар чорраҳаси
Малакка – бугунги Малайзиянинг Малакка штатида жойлашган қадимий ва бетакрор шаҳарлардан бири ҳисобланади. У Жанубий Хитой денгизи ҳамда Малакка дарёсининг стратегик нуқтасида жойлашгани боис асрлар давомида Жануби-Шарқий Осиёнинг муҳим савдо ва маданий марказларидан бирига айланган.
Шаҳарга XV асрда малайлар томонидан асос солинган бўлиб, қисқа вақт ичида Шарқ ва Ғарбни боғловчи савдо йўлларининг муҳим бўғинига айланади. Бу ерда Ҳинд океани, Хитой ва араб мамлакатларидан келган савдогарлар учрашиб, турли товарлар билан савдо қилган. Натижада Малакка нафақат иқтисодий, балки маданий жиҳатдан ҳам ривожланиб, турли цивилизациялар таъсири шаклланган ҳудудга айланган.
1511-йилда шаҳар португаллар томонидан эгалланиб, у ерда мустаҳкам қўрғонлар ва черковлар барпо этилди. Кейинчалик голландлар ва британияликлар ҳам бу ҳудудда ўз таъсирини ўтказиб, Малаккани янада ривожлантирди. Айниқса, ўша давр архитектураси бугунги кунгача сақланиб қолгани шаҳарга ўзига хос қиёфа бағишлайди.
Малакканинг яна бир муҳим жиҳати - унинг ислом ва араб маданияти билан боғлиқлигидадир. XIV-XV асрларда араб савдогарлари бу ерга келиб, ўз анъаналари ва диний қадриятларини олиб кирган. Шу сабабли шаҳарда араб ёзувлари кўплаб учрайди.
Бугунги кунда Малакка сайёҳлар учун жозибадор манзиллардан бирига айланган. У ерда колониал даврга оид бинолар, қадимий черковлар, тарихий қўрғонлар ва маданий мерос объектлари сақланиб қолган. Шаҳарнинг ЮНЕСКО Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилгани эса унинг глобал аҳамиятини янада мустаҳкамлайди.
Малакка мисолида кўриш мумкинки, Малайзия ўзининг бой тарихи, маданий мероси ва туризм салоҳияти билан халқаро майдонда муҳим ўрин эгаллаган.
Хулоса ўрнида...
Малайзиянинг Куала-Лумпур, Кота-Кинабалу, Путражая, Малакка каби турли ҳудудларини қамраб олган пресс-тур давомида мамлакатнинг замонавий ривожланиш суръати, бой тарихи, бетакрор табиати ва маданий хилма-хиллиги яққол кўзга ташланади. Ҳар бир ҳудуд сайёҳларда алоҳида таассурот қолдиради. Айниқса, Куала-Лумпур замонавий мегаполис сифатида, Кота-Кинабалу экотуризм ва табиий гўзалликлар маскани сифатида, Путражая эса замонавий маъмурий марказ сифатида, Малакка эса тарих ва турли цивилизациялар чорраҳаси сифатида диққатни тортади.
Энг муҳими, туризм, маданият ва ахборот алмашинуви соҳаларидаги мулоқотлар Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида ишончни мустаҳкамлаб, янги қўшма лойиҳалар ва истиқболли ҳамкорлик йўналишларини ривожлантириш учун барқарор замин яратади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Y727DPrepiQ" title="Press-tur: Malayziyaning zamonaviy vatarixiy qiyofasi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева,
Анвархўжа Аҳмедов (монтаж), ЎзА