Пойтахтнинг Чилонзор тумани ўзгаришлар оғушида
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Тошкент шаҳри Чилонзор туманининг саноат салоҳияти ва инвестиция жозибадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.
Унга кўра, Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани "Бешқўрғон" ва "Тирсакобод" маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида жойлашган 320 гектар майдонда 30 йил муддатга кичик саноат зонаси мақомидаги "Индустриал ҳудуд" ташкил этилади.
"Индустриал ҳудуд"да:
юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқаришларни ташкил этиш;
тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвесторлар ўртасида мустаҳкам саноат кооперация алоқаларини кенгайтириш орқали юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш;
халқаро стандартларга мувофиқ энергия тежамкор, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга қаратилган ва экологик хавфсиз ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш;
транспорт, муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш орқали тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш;
корхоналарда "амалий мономарказлар"ни ташкил қилиш орқали тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилади.
2023 йил 31 декабрга қадар "Индустриал ҳудуд"нинг мастер режаси ва ривожлантириш стратегияси хорижий консалтинг компанияларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилади ва тасдиқдан ўтади.
"Индустриал ҳудуд" фаолиятини тезкор бошқариш, шунингдек, унда фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари учун зарур инфратузилма объектларини барпо этиш, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш билан боғлиқ вазифаларни амалга ошириш учун Чилонзор тумани ҳокимлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида бошқариш дирекцияси ташкил этилади.
2023-2025 йилларда Чилонзор тумани Кичик ҳалқа йўли ва Бунёдкор шоҳ кўчаси ҳамда Чўпонота ва Чилонзор кўчалари оралиғида жойлашган "Бунёдкор" стадиони автотураргоҳининг жами 5,5 гектар ер участкасида қиймати камида 200 миллион АҚШ доллари бўлган меҳмонхона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, кўп квартирали уйлар ва кўп қаватли автотураргоҳни ўз ичига олган замонавий ишбилармонлик маркази қурилади.
Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани Диёр маҳалласидаги Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежи биносининг бўш турган майдонлари ёшлар ва хотин-қизларни замонавий касбларга ўқитиш мақсадида "амалий мономарказ" ташкил қилиш учун ижара ставкасининг минимал миқдори бўйича тадбиркорлик субъектларига танлов асосида ижарага берилади.
ЎзА